Европанинг 3 та мамлакати Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди
Олам
−
22 Май
10900Норвегия, Ирландия ва Испания ҳукуматлари бугун, 22 май куни Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишини маълум қилди. Исроил бунга жавобан Ирландия ва Норвегиядаги элчиларини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди. Бу ҳақда “Politico” нашри хабар бермоқда.
“Ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган ва яраланган. Уруш ўртасида биз исроилликлар ва фаластинликлар учун сиёсий ечим таклиф қиладиган ягона муқобилликни, тинчликни сақлаб қолишимиз керак”, дейди Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре.
Ирландия Бош вазири Саймон Ҳаррис яқин кунларда 3 та давлатнинг қарорига бошқа давлатлар ҳам қўшилишига ишонч билдирди. Унинг қўшимча қилишича, Дублин, Осло ва Мадрид ушбу қарорни амалга ошириш учун зарур бўлган барча чораларни кўради.
Испания Бош вазири Педро Санчес Фаластинни давлат сифатида тан олишини тасдиқлади. Расмий равишда мамлакатларнинг бу борадаги қарорлари 2024 йил 28 майдан кучга киради.
Қайд этиш жоизки, апрель ойи охирида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жосеп Боррель май ойининг охиригача Фаластин Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари томонидан тан олинишини айтган. Ҳозирги вақтда Европа давлатлари орасида Фаластиннинг мустақиллигини Болгария, Венгрия, Кипр, Мальта, Польша, Руминия, Словакия, Чехия ва Швеция тан олган. Умуман олганда, Фаластинни БМТнинг 193 давлатидан 143 таси, жумладан, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида тан олган. Бироқ G7 (Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия ва АҚШ) давлатларидан ҳеч бири Фаластинни тан олмаган.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойи охирларида Ямайка ҳукумати ҳам Фаластин давлатини тан олишга қарор қилганди.
Ҳабиб Жўрабоев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь