АҚШ Фаластиннинг БМТга аъзолиги ҳақидаги резолюцияга вето қўйди
Олам
−
19 Апрель
5568Америка Қўшма Штатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Бош Ассамблеяга Фаластин давлатини халқаро ташкилотга тўлиқ аъзо сифатида қабул қилишни тавсия этувчи резолюция лойиҳасига вето қўйди. Бу ҳақда БМТ расмий саҳифасида маълум қилинди.
Кеча, 18 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Хавфсизлик Кенгашининг 12 аъзоси, жумладан, Россия ва Хитой Жазоир таклиф қилган ҳужжатни қабул қилиш учун овоз берди. Буюк Британия ва Швейцария бетараф қолди, фақат АҚШ қарши чиқди.
"Қўшма Штатлар икки давлат қарорини қатъий қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Бу овоз бериш Фаластин давлатчилигига қаршиликни акс эттирмайди, балки бу фақат томонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар орқали амалга оширилишини тан олади", дейди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуд.
Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ветосини “адолатсиз, ахлоқсиз ва асоссиз” дея қоралади. Унинг сўзларига кўра, бу “Фаластиннинг БМТга тўлиқ аъзо бўлишини қатъий қўллаб-қувватловчи халқаро ҳамжамият иродасига” зиддир.
Исроил Ташқи ишлар вазири Исраел Кац Қўшма Штатларнинг вето ҳуқуқидан фойдаланишини олқишлади.
"Ушбу шармандали таклиф рад этилди. Терроризм мукофотланмайди", деган Ташқи ишлар вазири.
Жазоирнинг БМТдаги доимий вакили Амар Бенжама овоз беришдан олдин фаластинликларни жаҳон ташкилотига қабул қилиш икки давлат ечимига путур етказмаслиги, балки уни мустаҳкамланишини таъкидлади.
“Тинчлик Фаластиннинг қўшилиши билан бўлади, уни четлаштириш билан эмас”, дейди у.
Халқаро ташкилотга қабул қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилиши учун уни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан камида тўққизтаси қўллаб-қувватлаши керак, беш доимий аъзонинг ҳеч бири – АҚШ, Хитой, Россия, Франция ва Буюк Британия – вето ҳуқуқидан фойдаланмаслиги керак. Агар ушбу шарт бажарилса, ариза БМТ Бош Ассамблеясининг овозига қўйилади, унда у аъзоларнинг камида учдан икки қисми томонидан қўллаб-қувватланиши керак.
Маълумот учун, Фаластинни БМТга қабул қилиш ҳақидаги ариза 2011 йил ноябрь ойида ҳам Хавфсизлик Кенгашининг позицияси туфайли рад этилган. Кейинги йили БМТ АҚШнинг қаршиликларига қарамай, фаластинликларга кузатувчи мақомини берди. БМТга аъзо 193 давлатдан 139 таси Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олади.
LiveБарчаси