Афғонистоннинг анорли ичимлиги Қозоғистонда ҳам текширувдан ўтказилди
Олам
−
29 Июль
11496Афғонистонда ишлаб чиқарилган “Golden Life” анорли газланган ичимлиги Қозоғистонда синовдан ўтказилди. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси анор таъмига эга салқин газланган ичимликларни санитария текширувидан ўтказган.
“Кўрсатиб ўтилган газланган ичимликларнинг маркаланиши Божхона иттифоқининг “Озиқ-овқат маҳсулотларининг маркаланиши бўйича” техник регламенти талабларига мос келмаслиги аниқланди”, дейилади қўмита хабарида.
Қозоғистонлик мутахассислар ичимлик банкасида “бўёқ моддаси (азорубин E 122) бор” деган огоҳлантирувчи ёзув йўқлигини аниқлади. Мазкур модда болаларнинг фаоллиги ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, қадоқларда ичимликларнинг таркиби ва озуқавий қиймати, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган.
“Бу ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) томонидан Божхона иттифоқи техник регламентларининг мажбурий талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартиб-таомиллари ўтказилмаганини кўрсатади”, дейди вазирлик.
Қўмита текширув натижаларини “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатасига юборган. Улар савдо корхоналарини тегишли рухсатномаларсиз ушбу маҳсулотларни сотиб олмаслик ҳақида огоҳлантириши керак. “Golden Life” ва бошқа ичимликларни сотишга ҳали расмий тақиқ йўқ. Қозоғистонликлар орасида газланган ичимлик истеъмол қилгандан кейин заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда Афғонистоннинг анорли газли ичимлигини сотиш тақиқланганди. Ўзбекистонда ҳам Санитария-эпидемиология қўмитаси анор таъмли маҳсулотлардан қайта намуналар олиниб, назорат тартибида лаборатория текширувлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси