Афғонистон ҳудудидан бўладиган таҳдидлар сақланиб қолмоқда – Мирзиёев
Жамият
−
10 Октябрь 10318 2 дақиқа
Афғонистонда иқтисодий ва ижтимоий инқироз чуқурлашиб бормоқда ва унинг ҳудудидан бўладиган хавф-хатар ва таҳдидлар сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда бугун, 10 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида сўз очди.
Ўзбекистон Президентига кўра, мамлакатларнинг хавфсизлиги ва барқарорлигига нисбатан умумий хавф-хатар ва таҳдидлар ҳақида кўп гапирилган. Ташқи сиёсат идоралари ва махсус хизматлар йўналишлари бўйича тизимли ва яқин алоқаларни давом эттириш муҳим. Бу ўринда сўз ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ахборот алмашиш ва қўшма тадбирларни ўтказиш ҳақида бормоқда.
“Ҳамдўстликнинг жанубий чегаралари ҳақида сўз юритар эканмиз, Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятни унутмаслигимиз керак. Ушбу мамлакатда иқтисодий ва ижтимоий инқироз чуқурлашиб бораётганини ҳисобга олсак, унинг ҳудудидан бўладиган хавф-хатар ва таҳдидлар сақланиб қолмоқда. Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлайман”, дейди Мирзиёев.
Президент шу муносабат билан ушбу мамлакатда йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда биргаликда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этмоқда.
Қайд этиш жоиз, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон раислигида ўтган саммит ишида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусдан Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев мазкур саммитда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконида транспорт билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётганини ҳам айтиб ўтган эди. Унинг билдиришича, бу барча турдаги транспортлар билан интеграциялашган ахборот-логистика марказларини ташкил этишни тақозо этмоқда.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь