650 кг колбаса Ўзбекистондан Қирғизистонга киритилмади

Жамият

image

Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг Ўш вилоятида жойлашган “Дўстлик” чегара ветеринария назорат пунктида Ўзбекистон Республикасидан олиб ўтилаётган 650 килограмм колбаса маҳсулотларини Қирғизистон Республикаси ҳудудига олиб киришга рухсат берилмади. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Чегара ветеринария назорат пункти инспекторлари томонидан юкни текшириш давомида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ветеринария-санитария талаблари бузилганлиги аниқланган. Хусусан, маҳсулотнинг маркировкаси мавжуд эмаслиги ва у ветеринария-санитария талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Аниқланган қоидабузарликлар асосида юкни Қирғизистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган. Инспекторлар томонидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилгач, юк “Дўстлик” чегара ветеринария назорат пункти орқали Ўзбекистон Республикасига қайтариб юборилган.

“Давлат ветеринария назорати давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган ҳайвонот маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек, мамлакат ҳудудига белгиланган ветеринария талабларига мувофиқ келмайдиган товарлар кириб келишининг олдини олишга қаратилган”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти инспекторлари томонидан “Дўстлик” постида ўтказилган фитосанитария назорати давомида Ўзбекистон Республикасидан олиб борилган 21 тонна тарвуз партияси текширилиб, қайтариб юборилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг