Қирғизистон Ўзбекистоннинг 21 тонна тарвузини қайтариб юборди

Жамият

image

Кеча, 28 май куни Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти инспекторлари томонидан “Дўстлик” (“Достук”) постида ўтказилган фитосанитария назорати давомида Ўзбекистон Республикасидан олиб борилган 21 тонна тарвуз партияси текширилган. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, карантин остидаги ушбу маҳсулотнинг қадоқларида мажбурий маркировка (ёрлиқ) мавжуд эмаслиги аниқланган. Бу эса Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕАЭО) карантин фитосанитария талабларини бузиш ҳисобланади.

Натижада ушбу юкни Қирғизистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган ва маҳсулот қонунчилик талабларига мувофиқ ортига (Ўзбекистонга) қайтариб юборилган.

“Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти мамлакатнинг фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни ҳимоя қилиш ҳамда карантин остидаги зарарли объектларнинг кириб келишига йўл қўймасликка қаратилган назорат тадбирларини доимий равишда амалга ошириб келмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти ходимлари Ўзбекистондан 80 минг 520 дона кўчат олиб борган юк машиналарининг киришини тақиқлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Қирғизистон карантин тарвуз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг