2005 йилдаги Андижон воқеаси сабабчиларини “Ватан хоини” дедик. 3 болани етим қилганларни ким деймиз?

Жамият

image

Бугун бутун Ўзбекистон нигоҳи Андижонга қаратилган. Афсуски, бу яхшилик ортидан эмас, аксинча, Ички ишлар бошқармаси биносида ёш йигитнинг аёвсиз калтакланиб, шифохонада вафот этиши сабабли Андижон барчанинг диққат марказида бўлиб турибди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Ағзамова ушбу жиноят бўйича ўз фикрларини билдириб, 2017 йилда ИИВ тизимини ислоҳ қилиш учун қабул қилинган Президент фармони қоғозда қолиб кетганига урғу берди. Жумладан у шундай дейди:

“2005 йилдаги Андижон воқеаси мени қанчалик ларзага солиб йиғлатган бўлса, куни кеча яна шу ҳудудда содир бўлган хунрезлик мени нафратлантирди. Биринчисида Ватанни асрашга отланган халқ, бугун ўз фарзанди ўлимига сабабчи бўлиб турибди.

2005 йилдаги Андижон воқеаси сабабчиларини “Ватан хоинлари” деб атадик. Кечаги ҳолатда ёшгина аёлини тул қолдириб, 3 та норасидани етим қилганларни ким ёки нима деб атаймиз?! Пандемияда даврида шифокорлардан кейин қаҳрамонликка даъвогарлар шулар эмасмиди?!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш масаласи устувор этиб белгиланган эди. Афсуски, айнан “белгиланганича” қоғозда қолиб кетганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Баъзи ҳамкасбларим вазирнинг истеъфосини талаб қилмоқдалар. Бир кишининг истеъфоси билан ҳеч нарса ўзгармайди. Тизимда бир нафар бўлса ҳам “психологик бузилган” ходим бўлар экан, бу тузилма охир оқибат барибир таназзулга учрайди. Ўзику пароканда бўлса майли-куя, неча инсонлар ҳаётига зомин бўлиши кишини даҳшатга солади.

Кўп ўйландим. Ички ишлар органи дегани бу бизнинг ички организмимиз, қўл билан ушлаб бўлмас, кўз илғамас виждонимиз, қалбимиз бўлиши керак. Лекин бу орган ишламаса, хиёнат қилса – мен бундай организмни вужудимдан юлиб ташлайман. Токи янги, ҳаётбахш тўқима пайдо бўлмас экан, нобуд бўлган ватандошимнинг аёли ва фарзандларининг кўзига тик қаролмайман”.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлди. Фуқаро Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалида 11 июнь куни вафот этди.

ИИВ ҳолат бўйича баёнот бериб, уч ходимга нисбатан жиноий иш очилиб, улар қамалганиин, 5 ходими ишдан бўшатилгани, 19 нафари жазоланганини маълум қилди.

Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Андижондаги даҳшатли воқеага муносабат билдириб, бу шафқатсизликни қатъий қоралаб, келажакда  жиноятчиликнинг  олдини олиш бўйича аниқ чоралар кўрилишини талаб қилганди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази “тилга кириб”, ҳолат бўйича Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга расмий хат юборилганини маълум қилди.

Ушбу даҳшатли воқеага муносабат билдирган “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров қамаш, жазолаш билан Ички ишлар тизимини ўзгартириб бўлмаслигини айтиб чиқди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати эса ҳолат бўйича билдирган муносабатида муаммонинг илдиза эътибор қаратиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, бунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига сўзсиз риоя қилинишига, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга алоҳида урғу бериш кераклигини таъкидлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев эса ҳолатга муносабат билдириб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфога чиқиш вақти келганига шама қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қодир Жўраев ҳолат бўйича фикрларини билдириб, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти вафот этган йигитнинг яқинларидан узр сўраши керакчлигини таъкидлаб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

қийноқ Андижон воқеаси

Баҳолаганлар

657

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг