Россия ҳарбийлари Херсонда маҳаллий аҳолини қийноққа солганликда айбланмоқда
Олам
−
13 Апрель 2023
8559Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россия ҳарбийларини Украинанинг Херсон вилоятида маҳаллий аҳолини ноқонуний ҳибсга олиб, қийноққа солганликда айбламоқда. Бу ҳақда ташкилот ҳисоботида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Россия ҳарбийлари ўтган йилнинг март-ноябрь ойларида Херсон вилояти ва унинг атрофини босиб олиш пайтида маҳаллий аҳолини ноқонуний равишда ҳибсга олган ва қийноққа солган. Ташкилот 34 нафар херсонлик фуқаролар, жумладан, ўша пайтда ҳисбга олинганлар билан суҳбатлашиш орқали шундай хулосага келган.
Россия ҳарбийлари бутун ишғол вақтида шундай тарзда қамоққа олишларни давом эттирган. Аввал аҳоли орасида қўпол равишда тинтув ўтказилган, сўнгра маҳбусларнинг бошига қоп кийдириб, 20 та қамоқхонадан бирига олиб кетилган.
Ҳибсга олинганларнинг оила аъзолари ва яқинлари уларнинг Херсондаги баъзи кўчаларда, шаҳар маъмурияти биносида, маҳаллий аэропорт ангарида ва шаҳардан 120 километр узоқликдаги мактабда қийноққа солингани ва шафқатсиз муносабатга учрагани ҳақида айтиб берган.
Таъкидланишича, маҳбуслар ёғоч ёки резина таёқлар билан калтакланган, электр токи ёрдамида қийноққа солинган, уларга нисбатан ўлим билан таҳдид қилинган ҳамда тиббий ёрдамсиз қолдирилган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида айтилишича, ҳибсдагилар Россия мадҳиясини эшитиш ва айтишга мажбурланган.
Россия қўшинлари Херсондан чекинган вақтда бир неча маҳбусни ўзлари билан олиб кетган. Баъзиларини эса қўйиб юборган.
Херсон вилояти прокуратураси инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига тўрт-беш минг кишининг ҳибсга олингани тўғрисида маълумотларга эга эканлигини, аммо қамоққа олинганлар кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтган.
LiveБарчаси