“Бу иккинчиси...” Дунё нигоҳи яна Андижонга қаратилди
Жамият
−
15 Июнь 2020
51101Жорий йилнинг 13 июнь куни Андижондан келган машъум хабар бутун Ўзбекистонни ларзага солди. Ички ишлар бўлими маъмурий биносида Жиноят қидирув бўлими вакиллари томонидан шафқатсизларга қийноққа солинган фуқаро А.Абдукаримов шифохонада жон бергани маълум бўлди. Ҳолат бўйича маълумот берган Бош прокуратура уч нафар Ички ишлар ходими қамоққа олингани ва жиноят иши қўзғатилганини билдирди. Ички ишлар вазирлиги ИИБнинг 5 ходими лавозимидан озод этилгани, 19 нафарига нисбатан жазо тайинлангани ҳақида маълум қилди.
Ушбу воқеа Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларида доим ҳаспўшлаб келинган ҳақиқий ҳолатни яна бир бор юзага чиқарди. Аммо галдаги воқеани яширишнинг имкони бўлмади. Ушбу воқеа айни вақтда нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарида ҳам катта муҳокамалар, эътирозлар, қораловларга сабаб бўлмоқда. Халқаро ташкилотлар мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ва қийноқлар борасида яна бонг урмоқда. Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳам ушбу воқеага нисбатан муносабат билдирди ва вазиятнинг илдизига эътибор қаратди. Ҳаракат баёнотида шундай дейилади:
“Куни кеча андижонлик фуқаро шаҳар ички ишлар бўлимининг маъмурий биносига олиб кирилганидан икки ҳафта ўтгач, касалхонада вафот этди. Жабрланувчига нисбатан жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан инсон соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли бўлган зўравонлик қўлланилган ҳамда ҳибсда ноқонуний ушлаб турилган.
Уч нафар ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки шахс эркинлигини чеклаш) ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Айбланувчилар ҳибсга олинган.
2020 йил бошидан буён бу ички ишлар органларида маҳбусларга нисбатан қўлланилган қийноқ ва зўравонлик билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Шу йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Чироқчи туман бўлимида калтакланиш натижасида 32 ёшли эркак вафот этди. Ушбу жиноятларни содир этишда гумонланган Чироқчи туман ички ишлар бўлимининг икки ҳодимига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқди.
Гарчи 2018 йил июль ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон ИИБда содир этилган воқеадан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бу каби нохуш ҳодисаларни аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, Ички ишлар органлари сафини “нопок ва тасодифий” ходимлардан тозалашга қаратилган қатъий чоралар кўрилишини маълум қилган эди.
Бу ҳолатлар кўп жиҳатдан ўтган йилнинг декабрь ойида инсон ҳуқуқлари, шу жумладан Ўзбекистондаги вазият бўйича ўз хулосаларни эълон қилган БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасининг ҳам хавотирланишини тасдиқлайди. Ўзбекистон 160 дан ортиқ давлатлар қаторида БМТнинг Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазога қарши Конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади. 2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон бўйича якуний кузатувлар конвенцияни амал қилинишининг ҳам ижобий томонларини, ҳам асосий муаммоларини тавсифлайди.
Қўмита томонидан бир қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, жумладан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги”ги қонунлар, “Жаслиқ” колониясининг ёпилиши, БМТнинг дин ёки эътиқод эркинлиги ҳамда судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиларнинг республикамизга ташрифлари юқори баҳоланди.
Шу билан бирга, қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тергов ва жазони ижро этиш органларининг ташаббуси ва розилиги билан жиноий жараёнда фойдаланиш учун айбни тан олдириш ёки маълумот олишда қўлланилган қийноқ ва ғайриинсоний муомалада бўлиш ҳолатлари тўғрисидаги хабарлардан қаттиқ хавотирда эканлигини билдирди.
Қўмита прокуратурага келиб тушган қийноққа оид шикоятлар 2017 йилга нисбатан 2018 йилда 10 баравар ортганига қарамай, қийноққа солганлик учун амалдорларга нисбатан қўзғатилган ишлар сони мутаносиб равишда ортмаганлигидан хавотирда.
“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ ички ишлар органлари ўз вазифаларини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш орқали амалга оширишлари белгилаб қўйилган. Шунингдек, қонунда ички ишлар органи ходимига қийноққа солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш тақиқланиши, ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шартлиги белгиланган.
Бундан ташқари, 2018 йил 4 апрель куни Президент томонидан суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни имзоланган эди. Ушбу ҳужжатнинг энг муҳим ўзгаришларидан бири бўлиб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалада бўлганлик учун жавобгарлик чораланинг кучайтирилганлиги бўлган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилиши белгиланган эди. Яна шу кундан бошлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурияти юкланиши белгиланган эди.
Шу маънода тегишли идоралар томонидан қонунчиликнинг амалиётда тўғри ва ўз вақтида ижро этилиши ўта долзарб ҳисобланади. Хусусан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, прокуратура идоралари жиноятчиликка қарши курашувчи идораларнинг қонунларни ижро этишларини назорат қилади, шунингдек, ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни сақлаш жойларида, жиноий жазолар ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этиш вақтида қонунларга риоя этилиши устидан назорат амалга оширади.
Шунингдек, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва тергов изоляторлари ҳамда жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эга. Умуман, барча ички ишлар идораларида тергов ҳаракатларини аудио- ва видео қайд этиш тизимлари орқали олиб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Андижонда юз берган воқеа шуни кўрсатадики, соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги, аксинча, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, бунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига сўзсиз риоя қилинишига, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга, шу жумладан, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини йўлга қўйиш ва энг асосийси, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида урғу бериш кераклигини тақозо этади”.