Чегара яқинида асирга олинган Озарбайжон аскари арманлар томонидан қийноққа солинди
Олам
−
17 Апрель 2023
8964Ўтган ҳафта адашиб Арманистонга кирган икки озарбайжон аскари қўлга олинди. Ижтимоий тармоқларда аскарнинг бири “арман қонини тўкканини” тан олгани, бошқаси эса қўлга олингандан кейин арманлар томонидан калтаклангани акс этган видеолар тарқалди. Бу ҳақда “Open Caucasus Media” хабар берди.
Расмий Баку Озарбайжон аскарлари Ҳусайн Охундов (2003 йилда туғилган) ва Агшин Бабиров (2004 йилда туғилган) Нахчиван ва Арманистон ўртасидаги чегара ҳудудида бир неча кун олдин ёмон об-ҳаво туфайли адашиб қолганини маълум қилган.
Биринчи аскар Ҳусайн Охундов 10 апрель куни Арманистоннинг Сюник вилоятидаги Ашотаван қишлоғи аҳолиси томонидан топилиб, ҳибсга олинган. Агшин Бабиров эса 13 апрель куни Ачанан қишлоғи яқинида, Ашотавандан 90 километр ва Нахчивон билан чегарадан 40 километр узоқликда топилган. Аскар қўлга олинганидан кўп ўтмай, Сюникдаги Кажаран мис-молибден конида 56 ёшли қўриқчининг ўлдирилишида айбдор эканлиги ҳақидаги миш-мишлар интернетда тарқала бошлаган.
Бабировни қўлга олинган қишлоқ аҳолиси ва Кажаран жамияти раҳбари Манвел Парамазян ўлдирилган қоровулнинг телефони озарбайжонлик аскардан топилганини маълум қилган. Унинг айтишича, қўриқчи еттита ўқдан жароҳат олган. Бироқ Арманистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қотиллик тергови давом этар экан, ҳозирча Озарбайжон аскарининг воқеага алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини таъкидлаган.
Аскарлар қўлга олинганидан сўнг интернетда иккита видео тарқалган.
“Биз Арманистонга етиб келдик. Биз арманларнинг қонини тўкдик. Агар ўлсак, билингки, биз ватанга хоин эмасмиз”, деган Бабиров биринчи видеода.
Яна бир видеода эса Охундовнинг ерда боғланган ҳолда ётгани ва унинг юзига тепилаётгани кўрсатилган. Аскарнинг ҳибсга олинган вақтидаги суратлари ҳам унинг юзида қон ва кўкаришлар борлигини кўрсатган.
Бакудаги дипломатик миссиялар воқеага зудлик билан муносабат билдириб, ушбу ҳодисани қоралаган. Хусусан, АҚШнинг Бакудаги элчихонаси Арманистондаги озарбайжон аскарига нисбатан зўравонлик акс этган видео уни безовта қилганини билдириб, Озарбайжон ва Арманистонни тинч музокаралар орқали ечилмаган муаммоларни ҳал қилишга чақирган. Буюк Британиянинг Озарбайжондаги элчиси Фергус Оулд ҳам бундай муомала халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра қабул қилиниши мумкин эмаслиги ва қораланиши кераклигини қўшимча қилган.
Озарбайжоннинг Ҳарбий асирлар, гаровга олинган ва бедарак йўқолганлар бўйича давлат комиссияси халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, аскарларнинг озод этилишини таъминлашни сўраган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги эса интернетда тарқалган кадрлар Арманистоннинг этник зўравонликларига мисол бўлишини таъкидлаб, тегишли халқаро ташкилотларни зўравонликларни, жумладан, Арманистон томонидан озарбайжонлик ҳарбий асирлар ва фуқаро асирларига нисбатан содир этган зўравонликларни, сўнгги 30 йил ичида бедарак йўқолган 3890 нафар озарбайжонни текширишга чақирган.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса Арманистон ҳукумати ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг озарбайжон аскарларининг асирга олиниши муносабати билан уч кунлик сукутини бузиб, биринчи аскар уларнинг армиядан қочиб кетганини тан олганини айтган.
“Озарбайжон армияси аскари бошқа сафдошларининг босими ва хўрлиги туфайли ўз сафдоши билан ўз позицияларидан шунчаки қочиб кетди”, деган Никол Пашинян.