Зеленский асирга олинган Шимолий Корея аскарлари ҳалок бўлганини айтди

Олам

image

Москва томонида Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган ва Украина Махсус операция қўшинлари томонидан асирга олинган Шимолий Корея аскарларининг барчаси олган жароҳатлари туфайли вафот этди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский жорий йилнинг 27 декабрь куни кечқурун ўз видеомурожаатида маълум қилди. 

“Бугун одамларимиз Шимолий Кореянинг бир неча аскарини қўлга олишга муваффақ бўлган, аммо улар жуда оғир яраланган ҳамда уларни жонлантириш имкони бўлмаган”, дейди Украина Президенти.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия томонидан Курск вилоятига жойлаштирилган Шимолий Корея аскарлари кўп йўқотишларга эга. Шу билан бирга, Россия ҳарбийлари ва Шимолий Корея гвардияси КХДРнинг асирга тушган аскарларининг омон қолишидан умуман манфаатдор эмас.

“Шимолий кореяликларнинг қўлга тушишига йўл қўймаслик учун уларни ўз халқи йўқ қилмоқда, бундай фактлар бор”, деб таъкидлайди Зеленский.

Бундан олдин Украина Махсус операция қўшинлари Россия томонида жанг қилган биринчи Шимолий Корея аскарини қўлга олганди. Сеулдаги AFP манбасига кўра, Жанубий Корея разведкаси ҳарбий шахснинг айнан қаерда қўлга олингани ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмас. Украинага қарашли “Militarny” нашрининг ёзишига қараганда асирга олиш Курск вилоятида содир бўлган. Бундан олдин Украина Қуролли кучлари аскарларига ҳужжатлар билан камида битта Шимолий Корея аскарини қўлга олиш буйруғи берилган эди. Бунинг учун ҳарбийларга мукофотлар, жумладан, қўшимча таътил ваъда қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Россия аскарлари ўлган шимолий кореяликларнинг юзларини ёқиб юбораётганини айтган эди. У кореяликларнинг Россия раҳбари Владимир Путин учун жанг қилиши ва ўлишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидлаб, ўлимдан кейин ҳам улар ҳеч нарсага эришмаслигини эслатди. Зеленский ҳалок бўлган КХДР аскарларининг ёқиб юборилишини “Россияда ҳукм сураётган ҳурматсизлик, инсонийликка, ҳамма нарсага ҳурматсизлик намойиши” деб атаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Зеленский асир Шимолий Корея аскарлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг