Сенат қўмитаси Андижондаги шафқатсизликнинг айрим тафсилотларини ошкор қилди
Жамият
−
14 Июнь 2020
41276Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига муносабат билдирди ва жиноят ишининг айрим тафсилотларини ошкор қилди.
“Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бир фуқаронинг ҳаётига зомин бўлганлиги билан боғлиқ ҳолат кенг муҳокама этилаётир. Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган хизмат текширувига кўра, Андижон шаҳар Ички ишлар бошкармаси Жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили Э.Райимжонов ҳамкасблари Ф.Хусанбоев ва Қ.Қодировлар билан бирга фуқаро А.Сотволдиевнинг қимматбаҳо тошини олиб, қайтариб бермаётган А.Абдукаримовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси юзасидан ўзбошимчалик билан текширув олиб боришган.
2020 йил 29 май кечаси Андижон шаҳар Наврўз маҳалласида яшовчи А.Абдукаримовнинг хонадонига тезкор вакил Э.Райимжонов Ф.Хусанбоев билан бирга бориб, уни Ички ишлар бўлими маъмурий биносига олиб келиб психологик ва жисмоний босим ўтказиб, 30 май эрталаб соат 06:00 га қадар ноқонуний ушлаб туриб, унинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва соғлиғига жиддий зарар етказганлар.
Оқибатда, фуқаро тан жароҳат олиб, ҳушини йўқотган ва республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилоят филиалига ётқизилган. Жабрланувчи А.Абдукаримовга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, олган оғир тан жароҳатлари туфайли фуқаро 2020 йил 11 июнда вафот этган.
Жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар прокуратураси томонидан катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодировларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқка олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шу ўринда айтиш керакки, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг май ойида ўтказилган ҳуқубузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ҳолатини ўрганиш жараёнида Андижон шаҳар ички ишлар идоралари фаолиятидаги бир қатор салбий ҳолатлар қайд этилиб, ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Содиқ Усмановнинг эгаллаб турган лавозимига қанчалик лойиқ эканлиги масаласи кўтарилган эди. Бу жиҳат Қўмитамизнинг 25 май куни Андижон вилоятида ўтказилган сайёр мажлисида қабул қилинган қарорда ҳам акс эттирилган.
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси бу каби ҳолатларни қатъий қоралайди ва келажакда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аниқ чоралар кўрилишини талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2020 йил 14 июнь кунги буйруғи билан подполковник Содик Ҳакиммурзаевич Усманов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат Қўмитамиз томонидан назоратга олинди ва биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожиалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз", деб қайд этди сенатор.
Эслатиб штамиз, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБнинг ходимлари фуқаро А.А.ни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, унинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турган. А.А. соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган ва 11 июнь куни вафот этган.
Ҳолат бўйича дастлаб маълумот берган Бош прокуратура ИИБнинг уч нафар ходимига нисбатан айблов эълон қилинган, улар қамоққа олингани, ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганди.
Ундан сўнг, ИИВнинг ўзи баёнот билан чиқди. Вазирлик берган маълумотга кўра, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган. Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усмановдан ташқари, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.
LiveБарчаси