15 ёшли ўқувчи Тошкент шаҳрини сотувга қўйди (видео)
Жамият
−
28 Апрель 2023
46200Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги онлайн савдо платформаларидан бирида Тошкент шаҳрининг 250 миллиард АҚШ долларига сотувга қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалиб, шов-шувларга сабаб бўлди. Мазкур хабарни платформага жойлаштирган шахс 15 ёшли ўқувчи экани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази маълум қилди.
Билдирилишича, эълонни жорий йилнинг 7 апрель куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 15 ёшли мактаб ўқувчиси жойлаштирган. У бунда отасининг телефонидан фойдаланган. Йигит бу ишини ҳазил тариқасида қилганини, ҳеч қандай ёмон нияти бўлмагани ва афсусда эканини билдирган.
“Мен шунга ўхшаш эълонни ижтимоий тармоқларда кўргандим. Уни ўзимизнинг Тошкентга мослаштириб, ҳазил қилиб қўйганман. Мен унинг бу даражада оммалашиб кетиб, одамларнинг негатив фикрларига сабаб бўлиши учун тарқатмаганман. Ундан позитив мақсад кўзлаганман”, дейди у.
Савдо компаниясининг бош директорининг айтишича, мутахассислар томонидан қўйиладиган ҳар битта эълон текширилиб назоратга олинади. Шу қаторда Тошкентнинг сотувга қўйилиши ҳақидаги эълон ҳам бир неча дақиқа ичида блокланган.
Эслатиб ўтамиз, Навоий вилоятида 17 ёшли йигит 100 минг сўмлик купюраларни қалбакилаштириб, муомалага киритишга уринган эди. Шунингдек, Самарқандда 16 ёшли бола тошкентлик 14 ёшли боладан 4 450 АҚШ доллари миқдорида пул олиб, фирибгарлик содир этгани аниқланганди.