15 млн қозоғистонликнинг маълумоти даркнетда сотувга қўйилди – ОАВ
Олам
−
12 август 2335 3 дақиқа
“Mash” 15 миллион қозоғистонликнинг маълумотлари тармоққа сизиб чиққанини хабар қилди. Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ушбу ахборотга муносабат билдирди.
“Mash” маълумотларига кўра, номаълум хакер даркнетда Қозоғистоннинг 15 миллион аҳолисига оид маълумотларни сотувга қўйган. Постда бу “мамлакат аҳолисининг тўртдан уч қисми” экани кўрсатилган.
.jpg)
“Сотувчининг таъкидлашича, у базани eGov давлат хизматини бузиб кириш орқали қўлга киритган. shymzz13 тахаллусли фойдаланувчи файлни 0,5 биткоинга – тахминан 32 минг долларга баҳолаган. 2,7 гигабайт ҳажмдаги паспорт маълумотлари, телефон рақамлар, электрон почталар, иш жойлари, ҳужжатларнинг скан-нусхалари ва пароллардан иборат 47 миллион қатор жойлашган.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар базани Украина қўнғироқ марказлари (колл-центрлари) сотиб олишидан хавотирда. Аввалроқ, фирибгарлар павлодарлик пенсионерларни Қозоғистонни Россия билан адаштириб юбориб, банкда портлаш уюштиришга мажбур қилган эди”, дейилади хабарда.
“Nur.kz” мухбири Рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизматига сўров юборган. Вазирлик Қозоғистон фуқароларининг шахсий маълумотлари сизиб чиққани ва уларнинг даркнетга жойлаштирилгани ҳақида тарқалаётган ахборотдан хабардор эканини маълум қилган.
“Ҳозирда тегишли хизматлар билан биргаликда эълон қилинган ахборотнинг техник текшируви, жумладан, тақдим этилган маълумотлар намуналарини таҳлил қилиш ва уларнинг келиб чиқиш эҳтимолий манбасини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирги вақтда электрон ҳукумат ахборот тизимларининг бузиб кирилгани ва ушбу база бевосита eGov’дан олингани ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ”, дея ишонч билдирган Рақамли ривожланиш вазирлиги.
Шу билан бирга, идора хабарларда эълон қилинган маълумотларнинг бир қисми электрон ҳукумат маълумотларининг тузилиши ва форматига мос келмаслигига эътибор қаратган.
“Хусусан, eGov’да паспортларнинг скан-нусхалари айтилган кўринишда сақланмайди, рақамли ҳужжатлар эса бошқа форматга эга. Даркнет фойдаланувчисининг базанинг келиб чиқиши ҳақидаги баёнотининг ўзи eGov бузиб кирилгани фактини тасдиқлаш сифатида қаралиши мумкин эмас.
Техник текширув давом этмоқда. Унинг натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади”, дея қўшимча қилган вазирлик.
Рақамли ривожланиш вазирлиги фуқароларга рақамли хавфсизликнинг асосий чораларига риоя қилишни тавсия этган: SMS-кодлар, пароллар ва ЭРИ маълумотларини учинчи шахсларга бермаслик, шубҳали ҳаволаларга ўтмаслик ва турли хизматлар учун турлича пароллардан фойдаланиш.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июнь ойида ҳам Қозоғистонликларнинг 16 миллиондан зиёд маълумоти интернетга сизиб чиққан эди.
Қайд этиш жоиз, бир неча кун олдин Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг компьютер ҳамда серверларига ҳам RDP (Remote Desktop Protocol) хизмати орқали рухсатсиз киришга қаратилган оммавий киберҳужумлар аниқланганди.
Аввалроқ эса ижтимоий тармоқларда ҳукумат тизимларидан камида 15 миллион Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари сиздирилгани ва Dark Web’га жойлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида 15 миллион эмас, 60 минг нафар ўзбекистонликнинг маълумотлари тарқалганини айтган эди.
Live
БарчасиТуркияда F-16 ҳалокатга учради
12 август