СИ Наполеон давридаги сирли хатни ўқишга ёрдам берди
World
−
18:10 1467 2 minutes
Сунъий интеллект ёрдамида Наполеон даврига оид 200 йилдан ортиқ вақт давомида ўқишнинг имкони бўлмаган, шифрланган ҳарбий хатнинг мазмуни тикланди. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.
Қайд этилишича, гап 1809 йил баҳорида Франция генерали Огюст Мармонга юборилган ҳарбий хабар ҳақида бормоқда. Ҳужжат Наполеоннинг ўз қўли билан ёзган мактуби эмас, балки Италия вице-қироли Евгений Богарне штабидан юборилган хабар ҳисобланади.
Тадқиқот учун 1969 йилда чоп этилган француз ҳарбий-тарихий журналидаги хат нусхасининг сканери ишлатилган. Ҳужжатнинг дастлабки қатори оддий француз тилида ёзилган бўлса, ундан кейинги 24 қаторда сонлар, ҳарфлар ва қўлёзма белгиларидан иборат шифр мавжуд бўлган.
Картер Черчнинг айтишича, GPT-6 Astra тасвирни таҳлил қилиш, код ёзиш ва эҳтимолий вариантларни солиштириш орқали шифрни ечишга ёрдам берган. Моделнинг ҳисоблаш ишлари тахминан олти соат давом этган, тадқиқотчининг ўзи эса бунинг учун яна бир неча кеча ишлаган.
Шифр тизимида бир ҳарф учун бир нечта белги ишлатилган, айрим белгилар эса бутун сўзларни англатган. Шу сабабли, оддий частота таҳлили етарли бўлмаган. Тадқиқотчи мавжуд тарихий шифр жадвалидан ҳам фойдаланиб, қолган белгиларни француз тилидаги эҳтимолий сўзлар билан солиштирган. Натижада тахминан 1300 та шифр бирлигидан иборат матн тикланган. Унда ўша даврдаги француз ва иттифоқчи қўшинларнинг жойлашуви ҳамда сони ҳақида маълумотлар борлиги аниқланган.
Хат мазмунини Наполеоннинг 1809 йил 16 мартдаги буйруғи билан солиштириш ҳам унинг санасини аниқлаштиришга ёрдам берган. Мазкур буйруқда Богарнега Мармонга қўшинларнинг жойлашуви ҳақида маълумотларни ишончли офицер орқали шифрланган хатда етказиш топширилгани қайд этилган.
Шу билан бирга, тадқиқотчининг ўзи ҳам барча белгилар тўлиқ ва бир маънода ечилганини таъкидламаган. Айрим кам учрайдиган белгилар бир нечта маънога эга бўлиши мумкин. Бироқ унинг фикрича, бу ноаниқликлар хатнинг умумий мазмунини ўзгартирмайди.
Қайд этилишича, тикланган матн, шифр калити ва уни қайта тиклаш учун фойдаланилган дастур ҳам очиқ эълон қилинган. Бу бошқа тадқиқотчиларга натижани алоҳида белгилар даражасида текшириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар сунъий интеллект ёрдамида тахминан 2000 йил аввал Везувий вулқони отилиши оқибатида куйиб кетган қадимий папирус ўрамини виртуал тарзда очиб, ундаги матнни ўқишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All