Прокуратура терговидаги қийноқларни танқид қилган QALAMPIR.UZ Бош прокуратура “ЗАПРЕТ”ига тушди...ми?
Жамият
−
29 Май 2020
19888Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Прокуратура органлари терговидаги қийноқлар юзасидан суриштирув ўтказиб, танқид қилган ва “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли фильмни тайёрлаган QALAMPIR.UZ ушбу брифингга таклиф этилмади.
Брифингда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев иштирок этган.
Жорий йилнинг 21 февраль куни QALAMPIR.UZ’да “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли махсус фильм эълон қилинди. Ушбу фильмда 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланганлиги, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилгани баён этилганди.
Шунингдек, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказгани маълум қилинганди.
Ушбу фильм ва унда ёритилган масала ҳозиргача жамоатчилик, сиёсий элита диққат марказида бўлиб келмоқда.
Мазкур фильмда жамоатчилик ўз муносабатини билдирди. Депутатлар Расул Кушербоев ва Хуршид Дўстмуҳаммад Омбудсманни сўроққа тутди. Хуршид Дўстмуҳаммад Бош прокуратура терговидаги қийноқларни “фашистик азоб” деб атади. Танқидлар ва депутатлар сўровига жавобан Муҳаммадиев ушбу масала ўрганилаётганини маълум қилди. Аммо бугунгача натижаларини эълон қилгани йўқ.
Фильм эълон қилингандан бир кун ўтиб, 22 февраль куни Бош прокуратура расмий баёнот бериб, ҳолат бўйича текшириш ҳаракатлари бошлангани ва натижаси эълон қилинишини айтди.
“Текшириш натижасига кўра, эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилди баёнотда. Орадан 3 ойдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, на Бош прокуратура, на Омбудсман ва бошқа ваколатли идоралар ушбу иш ҳақиқатларини ошкор этгани йўқ. Ким билади, балки натижа прокуратура тарафда бўлмагандир... Бу ҳам етмагандек, айнан шу мавзуда сўз очилиши керак бўлган бугунги йиғилишга QALAMPIR.UZ таклиф этилмади. Бу тасодифми ё тасдиқ?
QALAMPIR.UZ брифингга таклиф этилмагани юзасидан Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди. Идора расмийси QALAMPIR.UZ’нинг брифингга таклиф этилмаслигига у тор доирада ўтказилганини рўкач қилди.
Бутун жамоатчиликнинг эътиборини тортган, 30 дан ортиқ одамларнинг ҳаётида туб бурилиш ясаган ва ўчмас, аламли, аччиқ хотираларни, яраларни қолдирган ушбу тергов ҳақидаги ҳақиқатлар юзага чиқиши керак. Бош прокуратура белни маҳкам боғлаб, ҳақиқат ортидан тушишига ҳамон ишонамиз. Ахир у ерда Ортиқовадек ҳалол, ватанпарвар, меҳнаткаш прокурорлар бор.
Дарвоқе, бу орада жиноят иши бўйича аллақачон суд ҳукми ўқилди. Терговга тортилганлардан яна бири вафот этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь