Қонунчиликда бўшлиқлар бор. Сенаторлар кўзи кўкарган аёллар масаласини муҳокама қилди

Жамият

image
Янги қонун лойиҳаси: зўравонларга жазо кучаяди north_east

Янги қонун лойиҳаси: зўравонларга жазо кучаяди

Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун қонунчиликда бўшлиқлар бор. Хотин-қизлар, болаларга тазйиқ ўтказиш ёки бошқа зўравонлик ҳолатларини батамом йўқ қилиш керак. Бу ҳақда, 3 март куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида айтиб ўтди.

Аёллар ва болалар ҳуқуқлари бузилаётганига тўхталган Норбоева Сенатда масъул вазирлик, идоралар, нодавлат ташкилотлар, эксперт ва жамоатчилик фаолларидан иборат хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан, вояга етмаган шахсларга нисбатан зўравонлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳи томонидан тегишли ўрганишлар, таҳлиллар олиб борилганини маълум қилди.

“Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаган шахсларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтиришга оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Муҳокамалар, мулоқотлар натижасида соҳани тартибга солувчи қонунчиликда бир қатор бўшлиқлар ва муаммоли масалалар мавжудлиги аниқланди. Бу борада Ишчи гуруҳ томонидан соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига батамом чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни тизимли давом эттирамиз. Хотин-қизлар, болаларга тазйиқ ўтказиш ёки қандайдир зўравонлик ҳолатларини – ҳаммасини қонунчиликни такомиллаштириш орқали батамом тўхтатишимиз керак”, дейди Сенат раиси.

Аёллар ва болалар ҳуқуқлари масаласида сўз олган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев зўравонлик жиноятини содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш масаласига тўхталди.

“Ўтказилган ўрганишлар соҳани тартибга солувчи қонунчиликда бир қатор бўшлиқлар ва муаммоли масалалар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қатор муҳим ва ҳозирги кунда долзарб бўлган жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик, оиладаги зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик каби тушунчалар қонунчиликда мавжуд эмаслиги аниқланди.

Шунингдек, сўнгги вақтда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан турли хилдаги зўравонлик кўринишлари ўсиб бориши бундай турдаги жиноятларга нисбатан енгиллаштирувчи меъёрларни бекор қилиш ҳамда жавобгарликни янада кучайтиришни талаб қилмоқда”, дейди Сенатор Шуҳрат Чўллиев.

Маълумотларга кўра, номусга тегиш жинояти бўйича:
2020 йилда – 156 та;
2021 йил – 243 та;
жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жинояти бўйича:
2020 йилда – 154 та; 
2021 йил – 208 та ҳолат қайд этилган.

Ҳозирги кунда қонунчиликдаги камчиликлар тўлдирилиб, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳаси 28 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси йиғилишида биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Қонунчилик палатаси депутати – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов педофилларни бичишни, уларнинг рўйхатини эълон қилиб боришни ва мактабдан узоқда яшашини таъминлашни таклиф қилди. Лойиҳанинг тўлиқ матни билан ҳавола орқали танишинг.


Мақола муаллифи

Теглар

аёллар зўравонлик сенаторлар педофиллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг