Тўқаев кетишини 2029 йилгача кутамиз

Жамият

20 ноябрь куни Қозоғистонда ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайловларида амалдаги давлат рахбари Қосим-Жомарт Тўқаев яна Президентликка сайланди. Бир марта Президент бўлган одамнинг иккинчи марта Президент бўла олмаслиги, бошқарувда қариндош уруғчилик ва кланлашувга қаршиликни ваъда қилаётган Тўқаев 2029 йилгача Президент лавозимида қолади. 

2019 йилдан буён мамлакат бошида бўлиб келаётган Тўқаев навбатдан ташқари сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, 81,31 фоиз овоз тўплади. Қолганлар эса Тўқаевдан анча орқада. 

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Тўқаевга  сайловда қатнашганларнинг 81,31 фоизи ёки 6 456 392 киши, “Овул” Халқ демократик партиясидан номзод Жигули Дайрабаевга 3,42 фоиз ёки 271 641 киши, “Ижтимоий ишчилар альянси” томонидан кўрсатилган Каракат Абденга 2,60 фоиз ёки 206 206 киши, Қозоғистон “Аманат” касаба уюшмалари ҳамдўстлигидан номзод Мейрам Кажыкенга 2,53 фоиз ёки 200 907 киши, “Миллий” социал-демократик партиясидан ўз номзодини кўрсатган, Нурлан Ауесбаевга 2,22 фоиз ёки 176 116 киши, "Қозоқ оналари - божхонага йўл" уюшмасидан Салтанат Турсынбековага 2,12 фоиз ёки 168 731 киши овоз берган. Овоз беришда қатнашганларнинг 5,8 фоизи ёки 460 484 киши барча номзодларга қаршилигини ифода этган. 

“Сайловчиларнинг янгиланган рўйхатига кўра Қозоғистон Республикаси фуқароларининг умумий сони 11 953 465 кишини ташкил этди. Қабул қилинган сайлов бюллетенлари 8 300 046 та ёки 69,44%. Овоз бериш куни Қозоғистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг 11 минг нафардан ортиқ ишончли вакили, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг 641 нафар кузатувчиси, сиёсий партиялардан 15 минг 500 нафар, жамоат бирлашмаларидан 30 минг нафардан ортиқ кузатувчи сайлов жараёнларини кузатди”, дейди Қозоғистон Республикаси МСК раиси Нурлан Абдиров. 

20 ноябрь куни соат 21:00 да Қозоғистон ҳудудида президентлик сайлови якунланди. 

Сайлов натижалари эьлон қилингач, Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев Қосим-Жомарт Тўқаевни навбатдан ташқари президентлик сайловидаги ғалабаси билан биринчилардан бўлиб табриклади.

“Сизни Қозоғистон Республикаси Президенти сайловидаги ишончли ғалабангиз билан чин қалбимдан табриклайман! Бу ғалаба Сизнинг давлат раҳбари сифатидаги юксак нуфузингиздан далолат бериб, амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларингиз ва янги ташаббусларингиз, шунингдек, давлатимиз мустақиллиги гаровга қўйилган оғир дамларда кўрсатган матонат, қатъият ва доноликка халқнинг ишончининг сўзсиз исботидир”, дейди Назарбоев ўз табригида.

Шу ўринда тарихга қайтмай иложимиз йўқ. Ўзи Тўқаев мамлакат бошига қандай келиб қолди? Мамлакатни 1989 йилдан 2019 йилгача – роппа роса 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев бирдан Президентликдан кетишини айтиб, ҳамммани шокка туширди. Мамлакат Конституциясига кўра, Президент лавозимини ўша вақтда Сенат раиси бўлиб ишлаб келаётган Тўқаев эгаллади ва орадан уч ой ўтиб, Президент сайлови ўтказилди. Ўшанда ҳам Тўқаевнинг катта натижа қайд этиб, ишончли ғалаба эришгани айтилди ва жаноб Тўқаевнинг Назарбоев сояси остидаги президентлиги бошланди. Сенатда ундан бўш қолган ўринни эса Назарбоевнинг тўнғич арзандаси Дариға Назарбоева эгаллади. 

Расман мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев бўлса-да, ҳали тетик бўлган Нурсултон Назарбоев республиканинг тўлиқ тизгинини Тўқаевнинг қўлига тутқазиб қўйгани йўқ. Мамлакат собиқ Президент шарафига “нур”ларга тўлди. Пойтахт номи Нур-Султонга ўзгарди. Биринчи Президент ва унинг оиласига қўша-қўша ваколатлар берилди. Унинг мақоми Конституцияда белгиланди. Хуллас, Назарбоев Тўқаевнинг қўли билан ўзи ва оиласини то ўлгунича, балки ундан ҳам кейин ишлайдиган тарзда дахлсизлаштириб олди. 

Президент Тўқаев. Аммо у мамлакатда Президент. Мамлакат ташқарисидаги расмий тадбирларда ҳамон меҳмон ва мамлакат номидан сўз олувчи Назарбоев. Қозоғистоннинг иккига бўлиниши хорижда ҳам Қозоғистонга нисбатан муносабатларга таъсир қила бошлади. Расмий учрашув ва мулоқотларда давлатнинг икки раҳбари пайдо бўлгандек эди. Айнан шу икки бошлилик Қозоғистонни “қонли январь” фожиаларига етаклади. 

Ёдингизда бўлса 2022 йилнинг илк кунларида Қозоғистонда норозилик акциялари бошланганди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи қарийб 3 минг сўмга кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. 

Талатўплар ортидан 5 январь куни, Қозоғистон Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, 1989 йилдан 2019 йилгача мамлакат президенти бўлган, 2019 йилнинг март ойидан Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Биринчи Президент - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ваколатлари ниҳоят Президент Тўқаевга ўтди.

28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди. 

2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.

“Қонли январь” воқеалари ортидан 2020 йилнинг 29 апрелида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилишини эълон қилди. 

Қозоғистон Конституцияси матнининг учдан бир қисмига тегишли бўлган жами 33 та ўзгартириш овозга қўйилди. Асосий ўзгартиришлардан бири Конституциядан республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган модданинг чиқариб ташланишидир. 

Шунингдек ўзгартиришларда, Қозоғистоннинг бир Президенти кетма-кет сайланиши мумкин эмаслиги, Давлат раҳбари бир марта 7 йилга сайланиши белгиланди. Бундан ташқари, мамлакат рахбарининг яқин қариндошларига давлат хизматчиси лавозимларини эгаллаш тақиқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Қозоғистон

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг