Совет зулмига тик боққан Мирзиёев, дунёга “қўл силтаган” Горбачёв, “тирилган” жадидлар – Ҳафта Марказида
Таҳлил
−
03 Сентябрь 2022
19905“Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” деб ёзган эди шоир ва юрт озодлиги учун курашган, бунинг ортидан 1937 йилнинг 14 июлида қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланган Чўлпон. Чин маънодаги мустақилликдан нишона шуки, бу ҳафта Чўлпон каби ҳурлик учун курашган жадидлар номи кўкка кўтарилди. Сўнгги юз йилликдаги тарихимиз, совет даврида ўзбек халқига қилинган адолатсизликларга панжа ортидан эмас, тик қаралди. Доимги навбатчи гаплар ўрнига халқнинг кўксини кўтарадиган сўзлар айтилди. Муболаға билан айтсак, бу ҳафта ҳамма жадидга айланди. Ўзим ҳам жадидларга кўрсатилган бу эҳтиромдан руҳланиб, ҳафта бўйи содир бўлган воқеа-ҳодисалар таҳлилини айнан Чўлпон қаламига мансуб юқоридаги мисралар билан бошлашга қарор қилдим.
Тарихга тик боққан Мирзиёев
Бундан икки йил аввал QALAMPIR.UZ ижодхонасини таъмирлаётганимизда таҳририятнинг киришида айнан Чўлпон бобонинг “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” деб айтган мисралари ёзилсинки, ҳар куни ишга келаётиб ким учун ишлаётганимизни эслаб турайлик, дегандим. Президент ҳам бу ҳафта айнан шу сўзларга ишора қилди.
Давлат раҳбари анъанага кўра, 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига борди. Дастурхонга ош тортилди, Қуръон тиловат қилинди, шаҳидлар хотирланди. У Чўлпон номини тиклаш қанчалик қийин бўлганини айтди.
“Бугун биз пастга тушинглар, халқнинг ичига боринглар, деяпмиз, халқдан куч олаяпмиз. Чўлпон ҳам шундай деган”, деди Шавкат Мирзиёев Чўлпоннинг “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!” деган мисраларига ишора қилиб.
Мирзиёев “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи билан танишди. Боболар 100 йиллар Истиқлол учун курашгани, 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланганини айтди.
Ҳали бу тарих охиригача ўрганилмагани, қатағон қурбонларини аниқлаш ва хотирасини тиклаш бўйича изланишларни давом эттириш кераклигини таъкидлади.
У, шунингдек, яқин тарихда содир бўлган “пахта иши” тамғаси билан сохта айбловлар орқали юритилган зулмни эслади. Бундай аламли воқеаларни ҳеч қачон унутиб бўласлигини урғулади. Президентнинг бу гаплари Моксвада ҳам кутилган тўлқинларни келтириб чиқарди. Бу масалага бироздан кейин қайтамиз.
Алвидо, Михаил Сергеевич!
Дунё сиёсатига ошкоралик ва қайта қуриш атамаларини киритган, жаҳон ҳамжамиятини ер куррасини сақлаб қолиш ва ядросизланишга чақирган Совет Иттифоқининг биринчи ва сўнгги президенти Михаил Горбачёв 30 август куни 91 ёшида узоқ давом этган оғир хасталикдан сўнг вафот этди.
Дунёнинг йирик етакчилари, айниқса, Европа мамлакатлари раҳбарлари Горбачёвнинг вафоти муносабати билан илиқ сўзларга тўла ҳамдардлик билдирди. Жумладан, АҚШ Президент Жо Байден Горбачёвни “бошқа келажак” учун ўз карьерасини хавф остига қўйишга журъат эта олган ноёб етакчи”, деб атади.
Горбачёв вафоти муносабати билан расмий Тошкент ва кўзга кўринган сиёсатчилар ҳамдардлик билдиргани йўқ.
Михаил Горбачёев 3 сентябрь куни Моксвада дафн этилди. Дафн ва видолашув маросимларида Президент Владимир Путин иштирок этмади. Давлат раҳбари 1 сентябрь куни Горбачёв даволанган ва вафот этган Марказий шифохонага бориб, унинг тобути олдида хотирасига ҳурмат кўрсатди, тобути олдига гул қўйди ва видолашди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам айнан 3 сентябрь куни қабрга қўйилган эди.
Бағдодда ҳаммаёқ нотинч
Бир неча кун олдин Ироқда ўқ овозлари тинмади. 29 август куни сиёсатдан кетишини эълон қилган шиа имоми Муқтадо ас-Садрнинг юзлаб тарафдорлари шаҳарнинг ҳукумат идоралари ва хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари жойлашган “яшил ҳудуди”ни эгаллаб, Республика саройини ўраб олиб, бинога кирди. Намойишлар садрчиларни қувиб чиқаришга уринаётган хавфсизлик кучлари билан қуролли тўқнашувларга айланган. Шиддатли тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 30 кишига етган, 300 дан ортиқ киши жароҳатланган. Намойишлар ва тўқнашувлар Ироқнинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олди.
Сўнг Муқтадо ас-Садр ўз тарафдорларига 60 дақиқа ичида Бағдоднинг “яшил зонаси”даги парламент ҳудудини тарк этишни буюрди. У ўз ҳаракати тарафдорларининг зўравонликларга олиб келган ҳаракатларини танқид қилди. Кейин эса намойишчилар тарқала бошлади, бутун мамлакат бўйлаб жорий қилинган комендантлик соати бекор қилинди.
Олинг қуда, беринг қуда
Бу ҳафта жуда кўпчилик учун қувончли бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги бир неча фармонларни имзолади. Мукофотланган орасида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси, муддати тугаётган Дэниел Розенблюмдан тортиб, Туркия Республикаси Вице-Президенти Фуат Ўктайгача бор.
Гап ҳозир бу ҳақида эмас. Гап Президент Мирзиёев Озарбайжонликларни мукофотлаганида. Охирги вақтларда Ўзбекистон Озарбайжон муносабатлари илиқ даражадан кўтарилиши фонида, Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев ва яна 3 кишини “Дўстлик” ордени билан мукофотлади. Кейинги пайтларда Ўзбекистонга серқатнов бўлиб қолган ва Севара Назархоннинг “Улуғимсан Ватаним” қўшиғини қайта ижро этган Гулянақ Маммадовани Ўзбекистон халқ артисти унвони билан сийлади.
Ўзбекистон томонининг сийлови жавобсиз қолмади. Президент Илҳом Алиев созанда Абдуҳошим Исмоилов, дирижёр, Ўзбекистон Консерваторияси ректори Камолиддин Ўринбоев ва сирдарёлик озар шоир Али Носирлини “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. Хонанда Насиба Абдуллаевани эса Озарбайжон халқ артисти унвони билан тақдирлади.
Жазавага тушган Затулин
Боя Президент Шавкат Мирзиёевнинг Совет Иттифоқи даврида ўзбек халқига қилинган адолатсизликлар ҳақидаги гаплари Москвада ҳам тўлқинлар пайдо қилганини айтгандим. Мавзуни чала қолган қисмидан давом эттирсак. Президентнинг гапларидан кейин Давлат Думасининг МДҲ, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин тилга кирди.
“Совет Иттифоқида ўзбек миллатини ҳеч ким йўқ қилмади. Ҳозир Совет Иттифоқида украинларни атайлаб оч қолдирган, Болтиқбўйи халқларини қириб ташлаган ва ҳоказоларни айтадиган бутун бир пантеон мавжуд. Совет Иттифоқи барча камчиликларига қарамай халқаро ҳамжамият эди ва Ўзбекистон дастлаб дунё харитасида Совет Иттифоқи таркибида пайдо бўлган, кейин эса мустақилликка эришган, тилини сақлаб қолган, ўзини халқ сифатида сақлаб қолган”, дейди Затулин.
Албатта, жазавага тушган Залутиннинг иддаоларини ўзбек сиёсатчилари ҳам жавобсиз қолдирмади. Одатда бундай баҳсларга кирмайдиган Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мустабид тузум шафқатсиз ва бераҳм бўлгани ёки ҳалок бўлганлар ҳақиқатан ҳам ғайриинсоний қатағон қурбонлари эканини ақли тўғри ва хотираси аниқ бўлган ҳеч қайси инсон сўроқ остига қўя олмаслигини айтди.
“Тузумга қарши, Ватан озодлиги учун ўз овозини баланд кўтаришга журъат этган минглаб ва минглаб юртдошларимиз учун полигон ва қабристон бўлиб қолган жойда ўтган маросимда мен ҳам қатнашдим. У чин қалбдан, ёруғ ва тантанали, қандайдир самимий, инсоний тарзда ўтди.
Айнан шу жойда жаллодлар томонидан ўз ўлимини жасорат билан қабул қилганлар олдидаги қарзимизни инсоний равишда қайтардик. Бу энди шов-шувли сиёсийлаштириш ва популистик ваҳима учун сабабми?”, дейди Сафоев.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров эса Затулиннинг асоссиз талқини хато хулосалар келтириб чиқараётганини урғулади.
“Президент нафақат ўзбек, балки ўша даврда совет давлатида яшаган барча миллатларнинг зиёлиларига нисбатан қилинган ваҳший ноҳақликлар ҳақида гапирди. Буни англаш ва тўғри талқин қилиш учун катта тарихчи бўлиш шарт эмас, менимча”, дейди Қодиров.
Мунозаралар шу ерда якун топди, ҳозирча.
Ўзбекистон тарихида илк бор Туркистон мухторияти ёдга олинди
Шу кунларда Ўзбекистонда нафақат ҳафтанинг, балки сўнгги 30 йилликнинг тарихий воқеаси рўй берди. Сиз ҳам бу воқеага бевосита ёки телевизорингиз орқали гувоҳ бўлганингиз аниқ. Мустақилликнинг 31 йиллиги муносабати мамлакат сиёсий элитаси иштирокида “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилган давлат тантанасида илк бор Туркистон мухториятига ёдга олиниб, жадид, мутафаккир, шоир Чўлпоннинг “Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?” номли шеъри билан куйланган марш ижро этилди.
Гап шундаки, мустақилликнинг дастлабки 25 йилида, Биринчи Президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон заминидан ўтган тарихий шахслар номи тикланиб, шаҳидлар, қатағон қурбонлари маълум саналардагина ёд этилган бўлса-да, уларнинг номи кўпинча тилга олинмас, ҳаёти, фаолияти, илмий изланишлари хусусида тадқиқотлар олиб борилмас, бу ҳақида ортиқча оғиз очилмас эди. Сўнгги беш йилда эса Ўзбекистонда Туркистон, жадидлар деган қулоққа таниш, аммо анча узоқ бўлиб кетган сўзлар бот-бот чалинадиган бўлди.
Жадидлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган саҳна кўриниши давлат тадбиридан ўрин олиши эса Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ўзининг яқин ва узоқ тарихини тан ола бошлагани, унга очиқ кўз билан қараётганидан далолатдек.
QALAMPIR.UZ’гача етиб келган маълумотларга кўра, тантанали маросимдаги ушбу чиқиш ташаббускорларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – Спичрайтер Хайриддин Султонов бўлган.
Саҳна кўриниши аввалида шоир Жуманиёз Жабборов томонидан ёзилган жадидлар ҳақидаги ушбу сатрлар ўқиб эшиттирилди. Унда Беҳбудий образи сўзи сўнггида “Яшасин Туркистон мухторияти” деб ҳайқиради.
Мирзиёев Оқсаройга бориб, Каримовни хотирлади
2 сентябрь Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этган кун. Ислом Каримов вафот этганига бу йил 6 йил тўлди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев анъанага кўра, 2 сентябрь куни тонгда Ислом Каримов фаолият юритган Оқсаройга бориб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гул қўйди.
Хотира тадбирида Ислом Каримовнинг халқ манфаати йўлидаги хизматлари ёдга олинди. Қуръон тиловат қилинди.
Маросимда Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Олий Мажлис, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳам иштирок этиб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
3 сентябрь, Ислом Каримов дафн этилган кунда эса Оқсарой қароргоҳида хотира тадбири ўтказилди.
18 минг билан ушланган “ҳокимвачча”
Ўзбекистонда коррупцион жиноятлар давом этмоқда. Бироқ, кўпинча қўлга тушадиганлар наҳанглар эмас, майда коррупционерлар. Тугаётган ҳафтада Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимлиги ходими 18 минг АҚШ доллари билан ушланди.
У 2 нафар фуқарони Қирғизистондаги олий ўқув юртида ўқиши ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, сўнгра уларнинг ўқишларини пойтахтдаги олийгоҳлардан бирининг 2-босқичига кўчириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига 18 минг АҚШ доллари олган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда пойтахтдаги нуфузли олийгоҳлардан бирининг 3-босқич талабаси 2 нафар фуқародан 2 минг АҚШ доллари олгаида ушланган.
Маълум бўлишича, у Қозоғистон Республикасидаги олийгоҳлардан бирининг 2-босқичини тамомлагани ҳақида сохта ҳужжат олиб бериб, мазкур ҳужжат орқали Тошкент шаҳридаги хусусий университетнинг 2-босқичига ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эрдўғаннинг куёвидан янги ҳарбий дрон
“Bayraktar” ҳарбий дронлари билан дунёда шуҳрат қозонган Туркиянинг “Baykar Makina” копанияси жорий ҳафтада Самсун шаҳрида ўтган “Текнофест” аэрокосмик фестивалида товушдан тез учувчи учувчисиз самолёти “Kizilelma”ни тақдим этди.
Маълумотларга қараганда, қисқа учиш-қўниш йўлакларига эга бўлган кемалардан ҳавога кўтарилиш ва қўниш қобилиятига эга бўлган “Bayraktar Kizilelma”, корпус ичида олиб юрадиган ўқ-дорилари билан белгиланган нишонларга ҳужум қила олади. Дрон 12 км баландликда 5-6 соат ҳавода қолиши мумкин. Лойиҳа муаллифи Туркия раҳбарига бегона эмас, унинг куёви Селчук Байроқдор.
Дарвоқе, у Самсунда ўтаётган фестивалга келишини сўраб, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевга таклифнома юборди. Балки Саъдуллаев Туркияга бориб, “Kizilelma”ни ўз кўзлари билан кўриб, “Қачон биз ҳам шундай техникаларни ишлаб чиқараркинмиз”, деб бош қашлаб қайтгандир.
Бу Селчук Байроқдор дунё уруш майдонига киритаётган учинчи дрон. Бунгача у “Akinci”, “Bayraktar” дронларини ишлаб чиқарган.
Ўта муваффақиятли техника сифатида дунёда тан олинган “Bayraktar” дронларидан 2019 йил июнь ойида Ливияда, 2020 йил мартда Сурияда, 2020 йил июнь ойида Қорабоғ урушида қўлланилганди. Февраль ойи охири, март ойи бошларида Россия ҳужуми остида қолган Украина ҳам ушбу учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланди.
Бироқ, “Baykar Makina” копанияси ушбу дронларни Россияга сотмоқчи эмас. Компания бош директори Ҳалук Байроқдор улар учун пул биринчи ўринда эмаслиги, Украина билан дўстлиги ва ҳамкорлиги кўп йиллардан буён давом этиб келаётгани, шу боис қанча пул таклиф қилинишидан қатъи назар учоқларни Россиянинг қўлига топшириш ҳақида гап бўлиши мумкинмаслигини айтиб чиқди.
МАГАТЭ миссияси Запорожье АЭСда текширувларни бошлади
30 август куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик – МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бошчилигидаги миссия Киевга етиб борди. 31 август куни эрталаб эса миссия карвони Киевдан чиқиб, Энергодардаги Запорожье атом электр станцияси томон йўл олди. 1 сентябрь куни экспертлар станцияга етказилган зарарни аниқлаш бўйича ўз ишини бошлади.
Экспертлар гуруҳи 5 сентябргача станцияда бўлиши кутилмоқда. Гроссининг қайд этишича, дастлабки баҳолаш ўтказилгач, ҳисобот тайёрланади. МАГАТЭ экспертлари станцияда доимий иштирок этишни режалаштирмоқда.
Россия март ойи бошида Запорожье атом электр станциясини эгаллаб олди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.
Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.
Одамлар уйида ҳайвонот боғи очяптими?
Тугаётган ҳафтада Тошкент халқаро аэропортида кутилмаган воқеа юз берди. Очиғи сафарга чиққанимизда ким белгилангандан ошиқ пул, ким рухсат этилмаган маҳсулотлар, ёки ноқонуний тамаки, кўп миқдордаги тилла билан қўлга тушганини, йўлдан келаётганлар унга бунга “телефон олиб чиқиб беринг”, “пулимнинг ярмини оволинг”, деганини кўрмаган-у, аммо самолётда тимсоҳ етаклаб келинганини... Яна бир эмас, икки эмас, нақ 56 та.
Гап шундаки, 30 августдан 31 августга ўтар кечаси “Тошкент” халқаро аэропортида “Қохира-Тошкент” йўналишида учиб келган ва божхонадан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган фуқаронинг багажлари кўздан кечирилганда, божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган 56 бош тирик тимсоҳ болалари борлиги аниқланди.
Тимсоҳ етмагандек, ўша куни мамлакатга буқаламун – хамелеон олиб киришга ҳам уриниш бўлди ва яна Тошкентда, ва яна Қохирадан.
Мисрдан Тошкентга учиб келган фуқаронинг юклари текширувдан ўтказилганда, улар орасидаги пластик идишда 10 дона буқаламун борлиги аниқланган.
Ҳозирда буқаламунлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган. Ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабабли, мутахассислар томонидан улардан 6 тасининг “аҳволи оғир” деб баҳоланган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тўқаев президент сайловини муддатидан олдин ўтказмоқчи
Қозоғистон Республикаси Президент Қосим-Жомарт Тўқаев 1 сентябрь куни халққа мурожаат қилди ва жорий йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловлари ўтказилишини айтди.
Унинг қайд этишича, адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун халқнинг янги ишонч мандати зарур.
Шунингдек, у президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришни, номзод фақат бир марта сайланиш ҳуқуқига эга бўлишини таклиф қилди.
Айни вақтда Қосим Жомарт Тўқаев президентлик муддатининг учинчи йилини ўтамоқда. Мавжуд қоидаларга кўра, унинг биринчи муддати бўйича ваколати тугашига яна икки йил бор. Қайта сайланган тақдирда ҳам Тўқаев умумий ҳисобда яна етти йил Президент бўлиши мумкин. Президент сайловининг муддатидан аввал ўтказилиши ҳам аслида Тўқаев учун ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки Президент ваколати муддати беш йилдан етти йилга узайтирлса ва қайта сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этилса, барибир етти йил Президент бўлади.
Мурожаатга қайтадиган бўлсак, Тўқаев жорий йил содир бўлган “қонли январь” воқеаларида ҳибсга олинганларга бир марталик амнистия берилиши, бироқ бу бузғунчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйган, қонунни бузишга даъват қилаётганларга тегишли эмаслигини айтди.
Шунингдек, у оиладаги зўравонликлар учун жазони кучайтириш вақти келганини урғулади.
Алиев ва Пашинян учрашуви
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бир-бирларига қилган мислсиз ҳақоратлари ва мазахларига қарамай, шу ҳафта Бельгия пойтахти Брюсселда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель воситачилигида учрашди ва музокара ўтказди.
Учрашувда чегаралар делимитацияси ва хавфсизлик бўйича комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ноябрь ойида Брюсселда ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, ўшанда Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари учрашади.
Томонлар, шунингдек, тинчлик шартномасини имзолаш бўйича музокараларни давом эттиришга аҳдлашган.
Бундан ташқари, Пашинян ва Алиев Қорабоғ, ҳарбий асирлар ва делимитация билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган. Кўтарилган масалалар орасида асирларни озод қилиш ва бедарак йўқолганлар тақдирини аниқлаш, минтақавий коммуникацияларни блокдан чиқариш ҳам бор.
Уйғурлар бўйича кутилган ҳисобот
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида кутилган ва узоқ муддатдан бери тақдим этилмай келинаётган ҳисоботни эълон қилди.
Ҳисобот Олий комиссар Мишель Бачелетнинг ушбу лавозимдаги муддати тугашидан бор-йўғи бир неча соат олдин эълон қилинди.
Унда айтилишича, БМТ Шинжонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишини ҳужжатлаштирган. Бу қонунбузарликлар “инсониятга қарши жиноят бўлиши мумкинлиги” таъкидланган.
“Инсон ҳуқуқлари бузилиши баҳонасида аксилтерроризмга оид қонунлар халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари ва стандартлари нуқтаи назаридан жуда муаммоли. Ҳукуматга кенг кўламли тергов, тақиқ ва босим ўтказиш ҳуқуқини берувчи қонун жуда ноаниқ, кенг ва тушунарсиз таърифларни ўз ичига олади”, дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ҳисоботида.
Ҳисобот муаллифлари, жумладан, қайта тарбиялаш лагерларида маҳбусларга нисбатан қийноқлар, шафқатсиз муомала ва мажбурий даволаш ҳақидаги хабарларнинг тўғрилигини тасдиқлаган.
Ҳисобот Пекинни қайта тарбиялаш лагерлари, қамоқхоналар ва шунга ўхшаш ҳибсхоналарда ўзбошимчалик билан ушлаб турилганларни зудлик билан озод қилишга, Шинжон-Уйғур мухториятидаги оилалари улар билан боғлана олмаган шахсларнинг қаерда экани ҳақида маълумот беришга, терроризмга қарши қонунларни қайта кўриб чиқишга, Миллий хавфсизлик ва озчиликлар ҳуқуқлари бўйича зудлик билан қайта тарбиялаш лагерларидаги ҳуқуқлар поймол этилиши бўйича текширувни ташкил этиш ва минтақадаги масжидлар, ибодатхоналар ва қабристонларнинг вайрон қилингани ҳақидаги даъволарга аниқлик киритиб, аниқ маълумотларни тақдим этишга чақириш билан якунланади.
Ўтган ҳафтадаги чиқишимизда ёз ниҳоялаб куз келаётгани, ғалвирни сувдан кўтарадиган палла остонасида турганимиз ҳақида айтгандим. Ниҳоят куз ҳам келди. 5 сентябрдан Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида ўқиш бошланади, фақат Самарқанддан ташқари. Самарқанддаги таълим муассасалари 15-16 сентябрь кунлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ўтиши муносабати билан ўқувларга эшикларини 21 сентябрдан очади.
LiveБарчаси