Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовни хотирлаш маросимида қатнашди
Жамият
−
02 Сентябрь 2022
11420Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳам иштирок этган.
“Ислом Каримов бундан ўттиз бир йил олдин мамлакатимизнинг миллий мустақиллигини дунёга эълон қилган эди. Бу давлатчилигимизни ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлди. Шу боис, Биринчи Президентимизга ҳурмат ўз тарихимизга ҳурмат ифодасидир.
Хотира тадбирида Ислом Каримовнинг халқимиз манфаати йўлидаги хизматлари ёдга олинди. Қуръон тиловат қилинди”, дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев устозларни қадрлаш ва ҳамиша ёдга олиш кераклигини, бу ёш авлодга ўрнак бўлишини таъкидлаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳам Биринчи Президент ҳайкалига гуллар қўйди.
Шундай тадбирлар Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам ўтказилди.
LiveБарчаси