Инсониятга қарши жиноят. БМТ кутилган ва шов-шувли ҳисоботни тақдим этди
Олам
−
01 Сентябрь 2022
22600Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақида ҳисобот эълон қилди.
Ҳисиобот Олий комиссар Мишель Бачелетнинг ушбу лавозимдаги муддати тугашидан бор-йўғи бир неча соат олдин, Швейцария вақти билан соат 23:48 да эълон қилинди.
48 саҳифалик ҳужжатда Синьцзянда яшовчи 23 уйғур, 16 этник қозоқ ва бир қирғиз билан суҳбатлар ўрин олган.
Ҳисобот муаллифларининг маълум қилишича, 2016 йилдан бери респондентларнинг 26 нафари ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган ёки Хитойнинг қайта тарбиялаш лагерларида мажбурий меҳнатга жалб қилинган.
БМТ ҳуқуқ фаоллари ҳам Шинжонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишини ҳужжатлаштирган.
Бу қонунбузарликлар “инсониятга қарши жиноят бўлиши мумкинлиги” таъкидланган.
“Инсон ҳуқуқлари бузилиши баҳонасида аксилтерроризмга оид қонунлар халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари ва стандартлари нуқтаи назаридан жуда муаммоли. Ҳукуматга кенг кўламли тергов, тақиқ ва босим ўтказиш ҳуқуқини берувчи қонун жуда ноаниқ, кенг ва тушунарсиз таърифларни ўз ичига олади”, дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲБОКБ) ҳисоботида.
Ҳисобот муаллифлари, жумладан, қайта тарбиялаш лагерларида маҳбусларга нисбатан қийноқлар, шафқатсиз муомала ва мажбурий даволаш ҳақидаги хабарларнинг тўғрилигини тасдиқлаган.
“ИҲБОКБ томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қонунбузарликлар бўйича аниқ статистик маълумотларни тўплаш учун етарли эмас, аммо қайта тарбиялаш лагерларидаги камситиш муҳити бундай муассасаларда инсон ҳуқуқлари бузилишининг кенг тарқалганлигини тасдиқлаш учун етарли”, дея таъкидлади БМТ.
Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, қайта тарбиялаш лагерларида мусулмон озчилик вакиллари асосий инсон ҳуқуқларидан маҳрум, диний ўзига хослик, сўз эркинлиги, шахсий дахлсизлик ва кўчиб ўтиш ҳуқуқи ноқонуний равишда тақиқланган.
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Хитойнинг репрессив ва камситиш амалиёти барча чегаралардан ошиб кетган, кўплаб аҳоли ҳибслар ва қайта тарбиялаш лагерларида мажбурий меҳнат туфайли оиласидан ажралиб қолган ёки босим туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
Ҳисобот Пекинни қайта тарбиялаш лагерлари, қамоқхоналар ва шунга ўхшаш ҳибсхоналарда ўзбошимчалик билан ушлаб турилганларни зудлик билан озод қилишга, Шинжон-Уйғур мухториятидаги оилалари улар билан боғлана олмаган шахсларнинг қаерда экани ҳақида маълумот беришга, терроризмга қарши қонунларни қайта кўриб чиқишга, Миллий хавфсизлик ва озчиликлар ҳуқуқлари бўйича зудлик билан қайта тарбиялаш лагерларидаги ҳуқуқлар поймол этилиши бўйича текширувни ташкил этиш ва минтақадаги масжидлар, ибодатхоналар ва қабристонларнинг вайрон қилингани ҳақидаги даъволарга аниқлик киритиб, аниқ маълумотларни тақдим этишга чақириш билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 10 декабрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Хитойнинг ҳаракатлари тўғрисидаги ҳисобот бир неча ҳафта ичида оммага эълон қилинишини маълум қилди. Орадан бир неча ой ўтиб ҳам ҳисобот чоп этилмади, бу эса халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, хусусан уйғурларнинг эътирозли муносабатига сабаб бўлди.
Бачелет 23-28 май кунлари Хитойга ташриф буюрди. Пекиндаги матбуот анжуманида у ҳисоботнинг нашр санаси ҳақида маълумот беришдан бош тортди.