Каддафийларнинг навбатдагиси ҳам ўлдирилди

Таҳлил

Ливия ҳукуматини 42 йил бошқарган собиқ етакчи Муаммар Каддафийнинг иккинчи ўғли Саиф ал-Ислом Каддафий вафот этди. Гарчи отаси каби мамлакатда диктатура ўрнатмаган бўлса-да, унинг тақдири деярли отасиники ўхшаш якун топди. У ўз уйида номаълум шахслар томонидан отиб кетилган. У ҳеч қачон ҳокимиятда расмий лавозимни эгалламаган бўлса-да нега унга суиқасд уюштирилди?  Нега у Ливиядаги сиёсий жараёнларда муҳим фигура қилиб кўрсатилади? Бугун шу ҳақда гаплашамиз.

Ўз уйида ўлдириб кетилди

Сиёсатчи Ғарбий Ливиядаги Зинтан шаҳри яқинида жойлашган уйининг боғида тўрт нафар қуролланган шахс томонидан ўлдирилган. Ҳужумчилар унга жароҳат етказгач, воқеа жойидан дарҳол яширинган. Каддафийга яқин сиёсий гуруҳ эса қуролланган шахслар аввал Саиф яшайдиган қароргоҳдаги кузатув камераларини ишдан чиқарганини билдирган.

Марҳумнинг сиёсий жамоаси аъзоси Агуил Делҳумнинг айтишича, бу воқеа бутун Ливияга қарши жиноятдир. 

“Сўнгги воқеа бизнинг тарихимизга ва бутун Ливияга қарши жиноятдир. Саиф ал-Исломнинг ўлдирилиши сиёсий рақибни йўқ қилишнинг арзон усулидан бошқа нарса эмас”, деб айтган Делҳум.

Унинг фикрича, Каддафийнинг ўғли сиёсий ўйинчи сифатида Ливия мустақиллигини истамайдиган кучлар томонидан қўрқитилган. Делҳум сиёсатчининг ўлдирилиши учун кимни айбдор деб билишини аниқ айтишдан бош тортди ва одамларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тергови натижаларини кутишга чақирди. Саиф ал-Ислом қуролланган шахслар билан отишмага киришган ва 3 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 14:30 да ҳалок бўлган.

Саиф ал-Ислом Каддафий ким эди?

Саиф ал-Ислом Каддафий ҳақида гапирганимиздан унинг отаси – Ливиянинг 42 йиллик раҳбари Муаммар Каддафийни тилга олмасдан илож йўқ. Сабаби ўғлига қўйилган айбловларлар ва чекловлар бевосита ота юритган мамлакатдаги сиёсий режимга боғлиқ. Муаммар Каддафий 1969 йили қирол Идрисни қудратдан ағдарган ҳамда қонсиз давлат тўнтариши оқибатида Ливияда раҳбарликни қўлга олган. Ўшанда у атиги 27 ёшда эди. У мамлакат бошқарувини ўз қўлига олгач, қўшни мамлакат Чадга ҳудудий даъволарни эълон қилди. Каддафий даъво ортидан Чадга қўшин киритди. Бу ўз навбатида Халқаро кучларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Шу орада, 1972 йил 25 июнда унинг Ливия тарихидаги сиёсий фигурага эга бўлган ўғилларидан бири Саиф ал-Ислом Каддафий туғилади. Каддафийнинг фарзандлари кўп эди, ота уларнинг айримларига юқори лавозимларни берган. Масалан, бешинчи ўғил Муътасим Билла Каддафий – миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи ҳисобланган. Бироқ Саиф ал-Ислом Каддафий бундай ҳокимиятдаги юқори муқомларни рад этган. У  чет элда, жумладан, Лондон иқтисодиёт мактабида таҳсил олган ва  инглиз тилида равон сўзлаша олганлиги сабабли Ғарбдаги ҳамкорлар билан музокаралар олиб борган.

Умуман олганда 2000 йилларга келиб Ливия Европа мамлакатлари яқинлаша бошлади. Европа магнатларига Ливияга кириши учун рухсат берилди. Бу ҳаракатлар мамлакатнинг иқтисодий сиёсий ҳаётини бироз либераллаштиришга олиб келди. 2001 йил сентябрь воқеаларидан сўнг Ливия терроризмга қарши курашда Қўшма Штатлар билан фаол ҳамкорлик қила бошлади.

Ядровий қуролларни йўқ қилиш дастурларида иштирок этади.  2004 йилнинг 23 апрелида АҚШ Ливияга қарши иқтисодий санкцияларни қисман бекор қилди. 

2008 йилнинг август ойида Африканинг 200 дан ортиқ қироллари, султонлари, амирлари, шайхлари ва қабила бошлиқларининг йиғилишида Муаммар Каддафий “Африка қироллар қироли”, деб эълон қилинади.

Ўғли Саиф ал-Ислом Каддафий ҳам ундан ортда қолмайди. 1997–1998 йилларда у халқаро хайрия ва ҳамкорлик жамғармасини ташкил этишда ташаббус кўрсатади. Жамғарма раҳбари сифатида у афғон толиблари ва Филиппиндаги исёнчилар билан ғарбий гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб боради. 2003 йилда Саиф Буюк Британия билан савдо муносабатлари бўйича музокараларда фаол иштирок этган. Сиёсатчининг ҳамда унинг отасининг бошқарувига қарши бўлганларга нисбатан ҳаддан ташқари зўравонлик бўйича кўплаб айбловлар қўйилган. 1969 йилдан 1994 йилгача бўлган даврда Каддафий режимига қарши чиққан 343 ливиялик ҳалок бўлгани расман тасдиқланган.

2010-2011 йилларда араб мамлакатларида ҳокимият бошқарувига қарши “Араб баҳори” деб номланган норозилик намойишлари бошланди. 2011 йил 15 февраль куни Ливияда ҳам Каддафий бошқарувига қарши бўлган мухолиф кучлар бош кўтарди. Улар Каддафийдан истеъфога чиқишини талаб этди. Мамлакатда фуқаролик уруши бошланди. 20 февраль куни Ливия пойтахти Триполи мухолифлар томонидан эгаллаб олинди.

2011 йил 27 июнь куни Ливиядаги фуқаролар уруши вақтида Халқаро жиноий суд Муаммар Каддафийни қотиллик ва турли жиноятларда айблаб қўлга олиш учун рухсат берди. Шундан сўнг, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Ливияга бостириб кирди.

Муаммар Каддафий бундай оғир вазиятда Сирт шаҳрига яшириниб олади. Аммо 2011 йил 20 октябрь куни АҚШ ва НАТО ҳарбийлари Сирт шаҳрига ҳужум қилади. Иккала оёғидан яраланган Каддафий қўлга олиниб, халққа топширилади. Шунда сўнг, йиғилган оломон Муаммар Каддафийни уришни, ҳақоратлашни бошлайди. Унга қарата турли буюмларни отади. Ғазабланган халқ Каддафийни уриб ўлдиради. Кейинчалик, Каддафийнинг мурдаси Мисрат шаҳрида музлаткичга солиниб халққа намойиш этилади.

Энди шу жойда эътиборингизни Каддафийнинг меросхўри ва вориси сифатида кўрсатилаётган Саиф ал-Ислом Каддафийнинг тақдирига қаратамиз. У 2011 йилги Ливиядаги қўзғалонлар пайтида телевидение орқали халққа мурожаат билан чиқиб, ўша йили июнь ойида Халқаро жиноий суд инсониятга қарши содир этилган жиноятлар учун Каддафийни ҳам отасига қўшиб ҳибсга олишга ордер беради.

Исёнчилар Триполи шаҳрини эгаллаганидан сўнг, Саиф ал-Ислом бадавийлар кийимида Нигерияга қочишга ҳаракат қилади. Муаммар Каддафийнинг ўлимидан тахминан бир ой ўтгач, уни йўлда тутиб олишади ва аз-Зинтан шаҳрига олиб келиб, қамоққа ташлашади. Ҳатто 2015 йилда ушбу намойишларни бостириш билан боғлиқ иш бўйича ўлим жазосига ҳам ҳукм қилинган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, қўзғолон ва Каддафийни ағдарган урушда 15 000 гача одам ҳалок бўлган. Ливия расмийлари эса ушбу намойишда 30 000 нафар одам ҳалок бўлганини билдирган. Бироқ Саифнинг адвокатлари унинг суди адолатли суд эмас, балки отаси учун қасос ҳужуми эканлигини айтишди. Аммо 2017 йил ўрталарида умумий амнистия тўғрисидаги қонун асосида сиёсатчи озод қилинган.

2021 йил ноябрь ойида у сиёсий саҳнада яна пайдо бўлди ва Ливиянинг узоқ вақтдан бери кечиктирилган президентлик сайловларида ўз номзодини қўяди. Мухолифатчилар томонидан у авторитар бошқарувчи сифатида баҳоланди ҳамда 2015 йилда чиқарилган айблов ҳукми туфайли унга сайловларда иштирок этиш тақиқланади. У қарор устидан шикоят қилишга уринганида, қуролланган шахслар суд биносини ўраб олган, шундан сўнг Ливиядаги сайлов жараёни тўхтатилган.

Ҳозир мамлакат иккига ажралган ҳолатида қолмоқда. Бенгази ва Миср билан чегарадаги шарқий ҳудудлар – генерал Ҳалифа Ҳафтар ҳокимияти остида. Пойтахт Триполи ва Тунис ҳамда Жазоир билан чегара томондаги ғарбий ҳудудларни турли кучлар, жумладан, БМТ томонидан тан олинган миллий бирлик ҳукумати назорат қилади. Бугунги кунда мамлакатда ҳал қилинмаган беҳисоб муаммолар бор. Инқилобдан кейин бир неча қуролли гуруҳлар пайдо бўлди ва улар сайловлар натижаларини тан олмайди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Ливия Ҳалифа Ҳафтар Тунис Триполи Муаммар Каддафий Саиф ал-Ислом Каддафий Агуил Делҳум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг