Дунё 2030 йилгача аномал иссиқ даврни бошдан кечиради – БМТ
Олам
−
14:19 1657 2 дақиқа
Иқлим инқирози кучайиб бораётгани сабабли 2030 йилгача дунёда рекорд даражада деярли муқаррар иссиқ давр кузатилади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон метеорология бўлими (WMO) хабар берди.
Ташкилот ҳисоботига кўра, глобал ҳарорат рекорди ҳатто 2027 йилнинг ўзидаёқ янгиланиши мумкин. Мутахассислар бу йил охирида Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси бошланишини кутмоқда. Бу эса Ер атмосферасида ҳароратнинг янада ошишига олиб келиши мумкин.
Ҳисобот Британиянинг Met Office маркази томонидан тайёрланган бўлиб, унда 2026-2030 йиллар орасидаги камида бир йил 2024 йилни тарихдаги энг иссиқ йил сифатида ортда қолдириши эҳтимоли 86 фоиз экани айтилган. Шунингдек, кейинги беш йиллик ўртача ҳарорат саноат инқилобидан олдинги даврга нисбатан 1,5 даражадан юқори бўлиши эҳтимоли 75 фоизга баҳоланмоқда.
БМТнинг иқлим бўйича раҳбари Саймон Стилл Европа ва бошқа ҳудудлардаги кучли жазирама иқлим инқирозининг инсонлар ва иқтисодиёт учун қанчалик хавфли эканини яна бир бор кўрсатганини таъкидлаган. Мутахассислар фикрича, иссиқхона газлари чиқиндилари, айниқса нефть, газ ва кўмир ёқилиши туфайли атмосферада углерод миқдори ортиб бормоқда. Бу эса кучли иссиқ тўлқинлари, қурғоқчилик, бўрон ва сув тошқинлари каби экстремал об-ҳаво ҳодисаларини кўпайтирган.
Ҳисоботда айтилишича, ҳозирнинг ўзида глобал исиш ҳар дақиқада тахминан бир инсоннинг ҳаётига таъсир қилмоқда. Агар чиқиндилар кескин камайтирилмаса, бу кўрсаткич янада ортади. Арктика ҳудуди кейинги беш қиш мавсумида одатдагидан 2,8 даража иссиқроқ бўлади. Бу эса минтақа дунё ўртача кўрсаткичидан уч баравар тезроқ қизиб бораётганини англатади.
Ёғингарчилик бўйича прогнозларда эса Шимолий Европа, Саҳел, Аляска ва Сибирда намгарчилик кўпайиши, Амазонка ҳудудида эса қурғоқчилик кучайиши мумкинлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда аномал иссиқлик етти кишининг ўлимига сабаб бўлгани хабар қилинган эди.
Live
Барчаси