“SHOVOTLANDIA” иши: апелляция суди номаълум муддатга қолдирилди
Жамият
−
18 Февраль 2022
10441Аввалроқ, Тошкентнинг Чилонзор туманидаги "SHOVOTLANDIA" кафесини ёқиш ва 5 киши вафот этишида айбдор деб топилган Р.Абдураҳимов ва Ф.Сайфиевнинг оила аъзолари томонидан киритилган апелляция аризасига кўра, жорий йилнинг 3 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида апелляция суди бошлангани, биринчи суд мажлиси айбланувчи Р.Абдураҳимовнинг суд баённомасини олмагани сабабли қолдирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 17 февраль куни навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди ва у номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда суд мажлисида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Суд мажлиси қолдирилишини айбланувчи Р.Абдураҳимовнинг адвокати Фазлиддин Шерматов қуйдагича изоҳлайди:
“Апелляция суди раислик қилувчи Ражабов, ҳайъат аъзоси Мусо Юсупов ва маърузачи судья Ғофур Омонов иштирокида кўрилмоқда. Бунинг асосий сабаби ҳимоям остидаги Рустам Абдураҳимовнинг ҳуқуқлари тикланиши билан боғлиқ. Бундан олдин бўлиб ўтган суд мажлисларида ҳам гувоҳ бўлганингиздек, Абдураҳимов суд мажлиси баённомаси билан танишиш тўғрисида ариза берган ва ариза номаълум сабабларга кўра биринчи инстанция судига етиб бормаганди. Шу сабабли ҳам суд ҳимоям остидагининг баённома билан танишмаганини ҳисобга олиб, мажлисни қолдирган эди.
Абдураҳимовга 13 февраль куни суд баённомаси тақдим этилган ва у қонунда белгиланган тартибда беш сутка давомида ўз эътирозномасини ёзган. Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексининг 426-моддаси (Суд мажлисининг баённомаси), 427-модда (Суд мажлисининг баённомаси юзасидан мулоҳазалар бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби) талабига кўра, эътирозномани фақатгина ҳукм чиқарган суд кўриб чиқиши белгиланган. Шу сабабли ҳам суд мажлиси номаълум муддатга қолдирилди. Иш Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судига боради ва раислик қилган судья З.Бобонов аризани кўриб чиқиб, ажрим чиқаради, ундан кейин ҳужжат шаҳар судига қайтади ва суд мажлислари давом этади.
Бу ҳолатда судьялар ҳам ўзгариши мумкин. Судьяларни тақсимлаш электрон шаклда амалга оширилгани туфайли ҳужжат қайтганидан сўнг, бу жиноят иши кимга тақсимланиши аниқ эмас. Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак, апелляция инстанциясининг барча ҳаракатлари қонун доирасида амалга ошириляпти”.
Эслатиб ўтамиз, адвокат Фазлиддин Шерматов ҳимояси остидаги Рустам Абдураҳимов суд ҳукмидан норози экани, терговдаги қийноқлар, дўппослашлар сабабли қилмаган ишини тан олишга мажбур бўлгани ҳақида интервью берган эди. Айбланувчининг адвокатига кўра, тергов ва суд жараёнларида унинг айбини исботловчи бирорта далил тақдим этилмаган.
"SHOVOTLANDIA" иши
(21.12.2021 й. – Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди ҳукми. Раис: З.Бобонов)
Жорий йилнинг 27 февраль соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган “Шовотландия” кафесида ёнғин содир бўлганди. Воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилиб, соат 04:37 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.
Ёнғин оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва кафенинг том қисми ҳамда ички жиҳозлари, 150 квадрат метр майдони ёниб, жиддий зарарланган. Фожиада Жавоҳир Ж. (1998 йилда туғилган), Худойшукур Х. (1998 йилда туғилган), Бибижон А. (1961 йилда туғилган), Мадина Б. (1999 йилда туғилган) ва Шоҳсанам А. (1996 йилда туғилган) ҳалок бўлган.
Тезкор-қидирув тадбирларида бинога қасддан ёнғин етказган шахс жорий йилнинг 27 февраль куни соат 03:30 ларда Matiz автомашинасида манзилга келиб, бино деворларига ўзи билан олиб келган шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган ва аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлганидан сўнг, воқеа жойини яширинча тарк этгани аниқланган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
Ушбу жиноят муқаддам ЖКнинг учта моддаси билан судланган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, ушланган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ва 25 ёшли икки нафар қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.
Суд ҳукми билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли Рустам Абдураҳимовга Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Фазлиддин Сайфиев Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.