Президент парламентда нутқ сўзламоқда
Жамият
−
18 Ноябрь
3762Бугун, 18 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида нутқ сўзламоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда депутат деган шарафли номга сазовор бўлганларни табриклади.
“Ҳар қандай сайлов давлат ва жамият учун муҳим сиёсий жараён. Айниқса, жаҳондаги бугунги кескин ва таҳликали вазиятда бундай умумхалқ тадбирларини ўтказиш янада катта масъулият талаб этади. Турли минтақаларда уруш ва жанжаллар, қарама-қаршилик ва зиддиятлар авж олиб бормоқда”, дейилади хабарда.
Президент бу йилги парламент сайловларининг энг муҳим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтди. Билдирилишича, у янгиланган Конституцияга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирган. Ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилган.
“Бундан ташқари, ўтган саккиз йиллик даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди, сиёсий маданияти сезиларли даражада юксалди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли ва иштироки кучайди. Буларнинг барчаси аралаш сайлов тизимини жорий этишга мустаҳкам замин яратди. Кўплаб давлатларда бундай ислоҳотларни ўтказиш учун ўн йиллар керак бўлган. Шу маънода, Ўзбекистон аралаш сайлов тизимини қисқа фурсатда, дадил жорий этишга эришган кам сонли мамлакатлардан бири, дейишга муносибдир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур мажлисда Нуриддин Исмоилов Қонунчилик палатаси Спикери этиб, ЎзЛиДеПдан сайланган депутатлар Мавлуда Хўжаева ва Раҳимжон Ҳакимов Спикер ўринбосарлари этиб сайланганди.
LiveБарчаси