Европа афғонларнинг визаси бўйича Ўзбекистонга умид билдирмоқда 

Жамият

image

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати республикада бўлиб турган Афғонистон фуқароларининг виза муддати узайтирилишига умид билдирмоқда. Бу ҳақда Иттифоқнинг республикадаги элчиси Шарлотта Адриан маълум қилган.

“Кўплаб афғонлар Ўзбекистонда бўлиб турибди, биз уларнинг сонини аниқ билмаймиз. Балки расмийлар бу одамлар учун визани узайтириш ҳақида ўйлаб кўрар”, дейди Шарлотта Адриан.

Фото: Шарлотта Адриан

У 2020 йилда Ўзбекистон коронавирус пандемияси туфайли транспорт чекловлари ўрнатилгач, уйига қайтолмаган чет элликларга виза муддатларини бир неча бор узайтирганини эслатган.

“Биз бу одамларга (афғонлар — таҳр.) қандай ёрдам бериш ҳақида ўйлашимиз керак. Ушбу савол очиқ қолмоқда”, дея қўшимча қилди элчи.

Расмий Тошкентнинг Афғонистондаги кескинлик пайтида эвакуация бўйича кўрсатаётган ёрдами

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон нафақат афғонистонлик қочқинларни ўз ватанига қайтариш бўйича ишлар олиб бормоқда, балки хорижий фуқароларни Афғонистондан эвакуация қилиш бўйича Европа давлатларига кўмаклашмоқда. Бу учун албатта, миннатдорлик билдирган давлат раҳбарлари ҳам бўлди.  

Эслатиб ўтамиз, ўтган бир неча кун мобайнида Ўзбекистон ҳудуди орқали хорижий давлатларнинг 1982 фуқароси эвакуация қилинди. Ушбу жараёнларда Тошкент-3 маҳаллий аэропорти транзит вазифасини ўтамоқда. Бундан ташқари, ушбу жараёнларга Бухоро ва Нукус аэропортлари ҳам жалб қилинган.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикаси қулади. Президент Ашраф Ғани эса истеъфога чиққанини эълон қилди. Шу билан мамлакатда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди.

2001 йил Афғонистонга кирган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг асосий қисми мамлакатни тарк этди. Ғарб давлатларининг Қобулда қолган кучлари дипломатларни ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш билан банд. “Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда 20 йил давом этган уруш тугаганини эълон қилди. Жорий йилнинг 19 август куни эса толиблар Афғонистонни Ислом Амирилиги, деб эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

300

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг