Ҳиндистонлик хакерлар Исроил томонида ҲАМАСга қарши кибер урушни бошлади
Олам
−
09 Октябрь 2023
11879Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги тўқнашув ҳақиқий кибер урушни келтириб чиқарди. Бунда дунёнинг турли бурчакларидан йиғилган хакерлик гуруҳлари ҳар икки томонда туриб курашмоқда. Бу ҳақда DNA газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳинд хакерлари Исроил томонига ўтиб, Фаластин веб-сайтларига ҳужум қилмоқда. Билдирилишича, хакерлар Фаластин миллий банки ва Миллий телекоммуникация компанияси сайтларига ҳужум қилган.
"Ҳиндистонлик хакерлар гуруҳнинг расмий веб-сайтини бузиш ва ёпиш орқали ҲАМАСни нишонга олишга қарор қилди. Улар Фаластин билан кибер урушга киришди", деб ёзади газета.
Ўз навбатида, “Times Now” телеканалининг даъво қилишича, Mysterious Team Bangladesh, Anonymous Sudan ва Team Insane Pakistan каби хакерлик гуруҳлари OPISRAEL ва OpIsraelV2 номлари остида Исроилга қарши қўшма операцияларни бошлаб, Яқин Шарқдаги кескинликни тармоққа кўчирганидан кейин ҳинд хакерлари Фаластин сайтларига ҳужумни бошлаган.
Оммавий ахборот воситалари ҳозирча ҳинд хакерлик гуруҳларини номлагани йўқ, бироқ улар баъзи киберҳужумларда муваффақият қозонганини билдирмоқда. Шу билан бирга, “Times Now” нашрининг қайд этишича, Исроилда компьютер ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун замонавий тизимлар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, можаро қурбонлари сони 1100 га яқинлашди.