Ҳибсдаги Абдуқодир Мўминовнинг суди қачон ўтиши маълум бўлди
3-саҳифа
−
19 Июль 2023
10621Жорий йилнинг февралида ҳибсга олинган блогер Абдуқодир Мўминовга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида жорий йилнинг 25 июль куни соат 15:00 да кўриб чиқилади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Келтирилишича, Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси С. Содиқов раислигида кўриб чиқилади.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 млн 421 минг 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминов исмли шахснинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Бунинг ортидан Мўминовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-моддаси (Товламачилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланганди. Кейинчалик ижтимоий тармоқларда блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZʼга Мўминовнинг тергов пайтида вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган эди.
Кеча, 18 июль куни Олий суд томонидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судида “Компромат иши” бўйича суд мажлиси ёпиқ бўлиши, унда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмаслиги тасдиқланиб, жиноят иши судда ёпиқ кўрилаётганига судланувчилар киритган илтимос сабаб қилиб кўрсатилганди.
LiveБарчаси