Прокурор Абдуқодир Мўминовни 11 йилга қамашни сўради – ОАВ
3-саҳифа
−
01 Август 2023
19146Бугун, 1 август куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судида блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда суд мажлисида қатнашган оммавий ахборот воситалари ходимлари маълум қилди.
Қайд этилишича, прокурор судьядан блогерга 3 йил муддатлик журналистик фаолиятни чеклаш ва узил-кесил 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашини сўраган.
Маълумот учун, блогер Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 млн 421 минг 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминов исмли шахснинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Бунинг ортидан Мўминовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-моддаси (Товламачилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланганди. Кейинчалик ижтимоий тармоқларда блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZʼга Мўминовнинг тергов пайтида вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган эди. Жорий йилнинг 25 июль куни бўлиб ўтган судга бир нечта журналистлар киритилмаганди.