Абдуқодир Мўминов иши бўйича апелляция суди бўлиб ўтди
3-саҳифа
−
06 Октябрь 2023
19035Бугун, 6 октябрь куни Тошкент шаҳар судида Абдуқодир Мўминов (1990 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, “Oynaga qarang” МЧЖ раҳбари, муқаддам судланмаган)га оид жиноят иши судланувчи ва унинг ҳимоячилари томонидан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2023 йил 4 августдаги ҳукми устидан берилган шикоятларига асосан апелляция тартибида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Д.Ражабов раислигида ҳамда судьялар М.Аҳмедов ва Ҳ.Шамшиевдан иборат суд таркибида кўриб чиқилган.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 6 октябрдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг Абдуқодир Мўминовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Ушбу ажрим устидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкинлиги маълум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 4 август куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Абдуқодир Мўминовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Абдуқодир Мўминов фуқаролар Л.М., Ф.К. ва Э.Э.нинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан эгаллаш ҳолатлари бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари билан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1, 2-бандларига асосан тугатилди.
Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ва 57 (енгилроқ жазо тайинлаш) моддаларини қўллаган ҳолда Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содири этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.
Шунингдек, Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди.
LiveБарчаси