Қобул Дўсов иши апелляция инстанциясида кўриб чиқилди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 11 март куни Тошкент шаҳар судида собиқ депутат Қобул Дўсовга нисбатан чиқарилган ҳукм апелляция инстанциясида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Билдирилишича, Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 11 мартдаги ажрими билан Қобул Дўсовга (1984 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) нисбатан жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2025 йил 24 январдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Ажримдан норози тарафлар Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят бериш ёки протест билдиришга ҳақли экани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ Қобул Дўсов Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. Жорий йил 24 январь куни Қобул Дўсовни Самарқанд вилоятида ҳибсга олинди.  Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 24 январдаги ажримига мувофиқ жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан маҳкум Қобул Дўсовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди. 24 февраль куни жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судида Қобул Дўсовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукмига кўра, Қобул Дўсов 4 нафар жабрланувчига (Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизими масъуллари Н. Ялгашева, О. Камолова, Ш. Ҳасанова ва С. Суярова) Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а” банди ва 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Дўсов тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташи белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Қобул Дўсов апелляция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг