Ҳар бир туманда боғча қамрови 80 фоиздан кам бўлмаслиги шартлиги белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистондаги ҳар бир туманда боғча қамрови 80 фоиздан кам бўлмаслиги шартлиги белгиланди. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда 80 та туманда боғча очиш учун имтиёзлар эълон қилинган. Ушбу механизмдан унумли фойдаланиб, боғча ўринларини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қашқадарёнинг барча туманларида хусусий сектор ва чет эллик ҳамкорлар билан икки йил ичида боғча ва мактаб ўрни 3 баробар ошган. Вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиш топширилди. 

Умуман, ҳар бир туманда боғча қамрови 80 фоиздан кам бўлмаслиги шартлиги белгиланди. Бунинг учун вилоят ва туман ҳокимлари олдига бўш ерларни топиб, аукционга чиқариш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда қайси мактаб ва боғчада бўш жой бўлса, боғча қуриш режасини белгилаш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга бўш ерларда боғча ташкил этиш бўйича хусусий шериклик ёки сармоя киритиш шарти билан уч йиллик дастур қабул қилиш, янги хусусий боғчаларга субсидия бериш, тарбиячилар маошини қисман қоплаш тартибини жорий қилиш топширилди.

Бир йилда 2 мингта кўп қаватли уй қурилмоқда, уларнинг тўртдан бири “Янги Ўзбекистон” массивларида. Бундай массивларда уйларнинг биринчи қаватида 100 ўринли хусусий боғча очиш бўйича Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида тажриба бор. Буни барча туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ҳудудида қилиши кераклиги таъкидланди.

Эндиликда очиқ мулоқотда 80 та туман учун айтилган имтиёзлар янги кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида боғча очадиган тадбиркорларга ҳам берилиши белгиланди. Мутасаддиларга янги қурилаётган кўп қаватли уйларда боғча ташкил қилиш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев мазкур видеоселектор йиғилишида таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етмагани учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарларини ишдан олгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб боғча боғча қамрови

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг