Ҳиндистон ва Покистон чегарасида отишма бўлди
Олам
−
25 Апрель 6946 2 дақиқа
Бугун, 25 апрелга ўтар кечаси Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирда жойлашган назорат чизиғи бўйлаб бир-бирига қарата ўт очди. Мазкур чизиқ 1949 йилда ўрнатилган бўлиб, икки давлат армиялари ўртасидаги чегарани белгилайди. Бу ҳақда “Hindustan Times” хабар берди.
Нашрга кўра, воқеа бугун, 25 апрель кунига режалаштирилган Ҳиндистон армияси бош қўмондони, генерал Упендра Двиведининг Шринагар ва Удхампурга ташрифидан бир неча соат аввал юз берган.
“Назорат чизиғининг айрим нуқталарида Покистон томонидан бошланган отишма ҳолатлари юз берди. Бунга самарали тарзда жавоб қайтарилди”, дейди нашр манбаси.
Ҳозирча ҳар икки томон йўқотишлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Ҳалок бўлганлар ёки яраланганлар бор-йўқлиги номаълум. Шунга қарамай, Деҳли ва Исломобод бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айбламоқда.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат ўртасидаги можаро Кашмирдаги қуролли ҳужумдан кейин кескинлашди. Бу ҳужум оқибатида 27 киши ҳалок бўлди. Ҳиндистон ҳукумати бу воқеани террорчилик ҳаракати деб атади ва айбни ҳинд бошқарувига қарши курашаётган жангариларга юклади. Ҳужум учун масъулиятни “Лашкар-и-Тайба” террорчи гуруҳига алоқадор “Front of Resistance” номли гуруҳ ўз зиммасига олди. Портлашда 26 нафар ҳиндистонлик ва 1 нафар Непал фуқароси ҳалок бўлган. Бунинг ортидан Ҳиндистон ва Покистон бир-бирига нисбатан кескин чоралар қўллади. Хусусан, икки давлат ўртасидаги чегара ёпилди, Покистон Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпиб қўйди.