“Журналистика жиноят эмас”: Оқ уй Россиядан Гершковични қўйиб юборишни талаб қилди
Олам
−
18 Июль 2023
3101Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Россияда ҳибсда сақланаётган “The Wall Street Journal” журналисти Эван Гершкович умуман ҳибсга олинмаслиги кераклигини, журналистика жиноят эмаслигини айтди. Унинг сўзларини “Deutsche Welle” нашри келтирди.
“У умуман ҳибсга олинмаслиги керак эди. Журналистика жиноят эмас. Уни зудлик билан қўйиб юбориш керак”, дейди Жон Кирби.
Унинг сўзларига кўра, Россия расмийларида консуллик томонидан журналист билан учрашишни рад этишга асос йўқ. АҚШнинг Россиядаги элчиси Трейси Линнинг кўплаб сўровларига қарамай, ҳозирча унга фақат иккита консуллик ташрифига рухсат берилган.
“АҚШ Давлат департаменти Гершковични расман ноқонуний ушлаб турилган деб ҳисоблайди. Бу эса Вашингтонга уни озод қилишнинг қўшимча механизмларидан, жумладан, алмашинув бўйича музокаралардан фойдаланишга имкон беради”, дейди Кирби.
Гершкович 100 кундан ортиқ муддатга Москвадаги Лефортово қамоқхонасида тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Суд май ойида унинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини 30 августгача узайтирган.
Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, журналист 20 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерал хавфсизлик хизмати Гершковични Америка томонининг кўрсатмаси асосида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаганликда айблаб, ҳибсга олган эди. Унга қарши Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 276-моддаси (жосуслик) бўйича иш қўзғатилган эди. WSJ ва АҚШ ҳукумати бу айбловларни рад этган, давлат департаменти эса Россиядаги Америка фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди.
Маълумот учун, у 1986 йилдан бери Россияда ушбу айблов билан ҳибсга олинган биринчи хорижлик мухбир бўлди. Шуни эслатиш зарурки, 2022 йилда Россия Федерациясида давлатга хиёнат бўйича 24 та иш қўзғатилган, 16 киши шундай айблов бўйича судланган. 2023 йилнинг дастлабки олти ойида эса камида 43 нафар шахсга ушбу айблов қўйилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь