Журналист Шарифа Мадраҳимова Facebook'даги постидан сўнг ИИБга чақиртирилди
Жамият
−
15 Сентябрь 2023
28043Ижтимоий тармоқларда фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимова Facebookʼда жойлаган постидан сўнг ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Гап шундаки, журналист ўзининг Facebook’даги саҳифасига унга келиб тушган мурожаатни эълон қилган. Мурожаатда Учкўприк туманидаги 3-сонли мактаб директори ўқувчи қизни уриб, жароҳат етказгани, суд эса директорга бор-йўғи жарима жазосини тайинлагани келтирилган. Шунингдек, мурожаатда калтакланган қизнинг дадаси суд ҳукмидан норози бўлиб апелляция шикояти ёзгани, аммо ҳали ҳам жавоб берилмагани билдирилган.
Ушбу постидан сўнг, журналист Шарифа Мадраҳимова ғойиб бўлган. Шундан кейин Facebook’да кўплаб жамоатчилик вакиллари, зиёлилар ва журналистлар “Шарифа Мурод қаерда?” ҳештеги остида чиқиш қила бошлади.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ “Бувайда кўзгуси” газетаси журналисти Шарифа Мадраҳимова билан боғланди.
Унинг маълум қилишича, 13 сентябрь куни туман Ички ишлар бошқармаси профилактика инспектори томонидан терговга қадар текширув олиб бориш учун чақирув қоғози келган. Профилактика инспектори Мадраҳимовага устидан ариза келиб тушганини билдириб, “Бобошбек” маҳалласидаги хизмат хонасига келишини сўраган.
Шарифа Мадраҳимова QALAMPIR.UZ’га аҳволи яхшилиги ва унга ҳеч қандай таҳдид бўлмаганини айтди. Шунингдек, у адвокат ёллаганини ва ИИБга боришини ҳам қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Шарифа Мадраҳимова ўз фаолиятини олиб бораётган вақтда туман ҳокимлиги вакили томонидан қаршиликка учраган эди.
Шундан сўнг, Учкўприк туман ҳокимлиги вакили Шоҳжаҳон Мўйдинов касб этикаси меъёрларини бузгани сабабли ишдан бўшатилган.
LiveБарчаси