Журналист камерасининг “флешка”сини еб юборгани айтилган Иштихон ҳокимлиги ходимига ҳайфсан берилди

Жамият

image

Аввалроқ, Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати ходими ёнғин содир бўлган бозор ҳудудидан лавҳа тайёрлаш учун борган MY5 телеканали журналистининг камерасидаги хотира картасини ютиб юборгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 16 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда АОКА ҳудудий бошқармаси томонидан иккала томон иштирокида ўрганилди.

Таъкидланишича, MY5 телеканали мухбири Отажон Раббонақулов ва ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Илҳом Бобоевнинг фикрлари, важлари эшитилган.

Илҳом Бобоевга кўра, ёнғин бўлган жой хавфли ҳолатда эканлигини инобатга олиб, ёниб кетган устунлар одамлар устига қулаши мумкин, деган хавотирда фуқаролар тарқалгандан кейин тасвирга оласизлар, деб журналистдан камерани ўчириб туришни сўраган. Натижада ўртада келишмовчилик юзага келган. Аммо барибир кейинчалик телеканал ходимлари тасвирга олишни давом эттирган. 

“Матбуот котиби камера хотира картасини (флешка) олмаганлигини, ютиб юбормаганлигини, бу гаплар асоссиз эканлигини билдирди. Бироқ, тасвирга олманглар, одамлар тарқалсин кейин ташкиллаштириб бераман деб, операторга айтиб, камерага тегинганини айтди”, дейилади хабарда.

My5 телеканали мухбири Отажон Раббонақулов ҳам бошида туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари тасвирга олишга қаршилик кўрсатганлигини, кейинчалик эса мухбир туман ҳокими ва бошқа бир қатор фуқаролардан интервью олганлигини, матбуот котиби билан бозор ҳудудини бирга (бошқа фуқаролар иштирокисиз) тасвирга олишганлигини билдирган.

Камера хотира картасини (флешка) матбуот котиби ютиб юборганлигини ўз кўзи билан кўрмаганлигини, бошқалардан бу ҳақда эшитгани ҳамда ўзи тайёрлаган лавҳада ҳам ва бошқа нашр мухбирлари билан суҳбатда ҳам флеш хотира ютиб юборилди деган сўзни ишлатмаганлигини баён этган. Мухбир камеранинг ишдан чиққанлиги важи бўйича эса айни пайтда фотокамера ишлаб турганлигини, бироқ, тасвир сифати бироз пастлигини (тасвирлар қорароқ) ҳам билдирган.

Ўрганиш якунида иккала томонга ҳам қонунчилик талаблари ва тартиб-қоидалар тушунтирилган.

Иштихон туман ҳокимининг 2021 йил 16 июндаги фармойиши билан Бобоев Илҳомжон Исоқовичга “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилганлиги маълум қилинган.

My5 телеканали мухбири Отажон Раббонақуловга эса телеканал мулкига зиён етказилганлиги важи бўйича асос мавжуд бўлган ҳолатда судга мурожаат қилиш зарурлиги тушунтирилган. Мухбир эса камера бузилганлиги ҳолати бўйича судга мурожаат қилмаслигини, даъвоси йўқлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

журналист Иштихон

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг