Жўлоний Путин билан келишиб иш қилишга тайёр
Олам
−
17 Апрель 2025 5976 3 дақиқа
Сурия Араб Республикасининг ўтиш давридаги президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) икки давлат манфаатларини ўзаро ҳурмат қилиш асосида Россия билан ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилди. Бу ҳақда Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний бугун, 17 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин билан Кремлда бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди.
“Бир неча кун олдин Сурия президенти Аҳмад аш-Шара Қатарда эди, биз у билан кўп суҳбатлашдик. Биз у билан Россия ва Сурия ўртасидаги стратегик хусусиятга эга бўлган ва мавжуд тарихий алоқаларни муҳокама қилдик. У бу ҳамкорликни давом эттиришга, ўзаро ҳурмат ва икки халқ манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни йўлга қўйишга қатъий қарор қилди”, дейди Амир.
Қатар Амири араб давлати Сурия мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга чақиришини қўшимча қилди.
“Сурия, шубҳасиз, ўта оғир даврни бошидан кечирмоқда ва, албатта, биз Суриянинг янги расмийларининг бу давлат ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлаш бўйича интилишларини қўллаб-қувватлашимиз керак”, дейди у.
Суҳбат чоғида Россия Президенти Владимир Путин, ўз навбатида, Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга Сурия халқига ёрдам, жумладан, гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилишни таклиф қилган.
“Биз сиз билан Сурия халқига ёрдам, жумладан, гуманитар ёрдам кўрсатиш имкониятларини ҳам муҳокама қилмоқчимиз. У ерда ҳам сиёсий, ҳам хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан соф иқтисодий характердаги муаммолар кўп”, дейди Россия Президенти.
Шуни айтиш ўринлики, ўтган ой Аҳмад аш-Шара Росияга қочган собиқ президент Башар Асаднинг суд жараёнини ўтказиш учун Кремлдан уни Сурияга экстрадиция қилишни сўраб расмий талаб юборди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) жорий йил 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди.
Кейинчалик Франция Президенти Эммануэль Макрон телефон суҳбати якунида Аҳмад аш-Шарани Парижга таклиф қилди. 12 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин ҳам Суриянинг ўтиш даври президенти билан телефон орқали суҳбатлашди.
Live
Барчаси