Жонсон Зеленскийга Россияга қарши янги альянс тузишни таклиф қилди – ОАВ

Олам

image

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Украина Президенти Владимир Зеленскийга Россияга қарши янги халқаро альянс тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Corriere Della Sera” манбаларга таяниб, хабар берди.

Жонсон ўз ташаббусини жорий йилнинг 9 апрель куни Киевга ташрифи чоғида Украина Президенти билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.

Нашрнинг ёзишича, Британия Бош вазири Европа Иттифоқига (ЕИ) муқобил бўладиган “сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий иттифоқ” яратмоқчи. Унинг фикрича, янги иттифоқ Европа Иттифоқи сиёсатидан норози бўлган мамлакатларни, шунингдек, Германиянинг Россиянинг “ҳарбий агрессияси”га жавобан ҳаракатларидан норози бўлган мамлакатларни бирлаштиради. Альянсга Буюк Британия бошчилик қилади, унга Украина, Польша, Эстония, Латвия ва Литва, кейинроқ эса Туркия ҳам кириши керак.

“Corriere Della Sera”нинг аниқлик киритишича, Украина Британия Бош вазирининг ташаббуси юзасидан ҳозирча ўз позициясини эълон қилмаган. Нашрнинг ёзишича, Зеленский 23 июнь куни бўлиб ўтадиган ЕИ саммитини кутмоқда, унда Украинани ташкилотга аъзоликка номзод сифатида тан олиш масаласи ҳал қилинади. ЕИнинг қарор Киевнинг Лондон таклифига қандай муносабатда бўлишига таъсир қилиши мумкин.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг