Жонсон Украинага яна қурол етказиб берилишини эълон қилди
Олам
−
19 Май 2022
6483Буюк Британия Украинани узоқ масофага учувчи артиллерия, дрон ва кемаларга қарши ракеталар билан таъминлайди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Борис Жонсон Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқотидан сўнг, маълум қилди.
“Мен Президентга Украина мудофаасига умумий 1,3 миллиард фунт стерлинг миқдоридаги қўллаб-қувватлаш, жумладан, узоқ масофали артиллерия, кемага қарши ракеталар ва учувчисиз самолётлар ҳақида маълумот бердим. Бу бизнинг қўшимча ҳарбий ёрдам пакетимизнинг бир қисмидир”, дея изоҳ қолдирди у ўзининг Twitter саҳифасида.
Шунингдек, Буюк Британия Бош вазири Зеленский билан Россиянинг Украинанинг Қора денгиз портларини блокировка қилиши оқибатларини ҳам муҳокама қилган.
“Биз Путиннинг Қора денгиз портларини ўйламасдан блокадага олиши натижасида етказилган глобал иқтисодий зарарни қандай тўхтатишимиз мумкинлигини ҳам муҳокама қилдик”, деб ёзди Жонсон.
Бош вазирнинг сўзларига, улар Украина ғалла захираларини етказиб бериш учун денгиз ва қуруқлик йўлларини очиш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Бундан ташқари, у Британия Украинадан 50 минг қочқинни қабул қилганини қўшимча қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси