Жасурбек Жалолиддинов “Навбаҳор”га ўтди
Спорт
−
15 июл 3140 2 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Жасурбек Жалолиддинов расман “Навбаҳор” футболчисига айланди. Бу ҳақда Наманган клуби матбуот хизмати хабар берди.
24 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи ва Наманган клуб ўртасидаги шартнома шартлари очиқланмаган.
Жалолиддинов фаолияти давомида “Бунёдкор”, Москванинг “Локомотив”, “Тамбов”, Тошкентнинг “Локомотив”, Қозоғистоннинг “Қайрат”, “Олимпик”, “Нефтчи”, Озарбайжоннинг “Сумғайит” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
Шунингдек, у Ўзбекистоннинг U-17, U-20 ва U-23 терма жамоалари сафида ҳам тўп сурган. Ҳозирда эса мамлакат миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Клуб матбуот хизматига берган илк интервьюсида Жалолиддинов “Навбаҳор” таклифини иккиланмасдан қабул қилганини таъкидлади.
“Навбаҳор”дан таклиф бўлганида, буни иккиланмасдан қабул қилдим. Жамоа ҳар доим энг юқори мақсадларни кўзлайди. Бу ерда кўплаб дўстларим тўп тепади, менга яхши таниш бўлган мураббий билан ишлаш имконияти ҳам бор. Энг муҳими, “Навбаҳор” мухлислари юртимиздаги энг фаол ва садоқатли мухлислардан. Ишқибозлар тўла стадионда ўйнаш ҳар бир футболчига алоҳида руҳ бағишлайди. Наманганга шунчаки футбол ўйнаш учун келмадим. “Навбаҳор” билан кўплаб совринларни қўлга киритиб, мухлислар қалбидан жой олишни истайман”, дейди Жалолиддинов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев ҳам “Навбаҳор” сафига келиб қўшилганди.
Live
Барчаси