Ўзбекистон МТЖ футболчиси фаолиятини “Навбаҳор”да давом эттиради
Спорт
−
13 июл 4839 1 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев фаолиятини Наманганнинг “Навбаҳор” клубида давом эттиради. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, 26 ёшли ҳимоячи эркин агент сифатида “лочинлар” сафига қўшилган. Томонлар ўртасида тузилган шартномага кўра, Абдуллаев жорий мавсум якунига қадар “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилади.
Абдуллаев фаолияти давомида Ўзбекистон Суперлигасининг қатор клублари сафида тўп сурган. У Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этди ва Колумбия ва Португалига қарши учрашувларда асосий таркибда майдонга тушди.
Шунингдек, “Навбаҳор” яна бир трансферни амалга оширди. Ярим ҳимоячи Асадбек Раҳимжонов ҳам клуб билан кейинги мавсум якунига қадар мўлжалланган шартнома имзолади.
Маълумот учун, Темур Кападзе бошчилигидаги “Навбаҳор” Ўзбекистон Суперлигасининг 11-туридан сўнг 20 очко жамғариб, мусобақа жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди. Наманганликлар мамлакат кубоги ҳамда чемпионатда юқори ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Шерзод Темиров “Заҳо” клуби билан икки йиллик шартнома имзолаганди.
Live
Барчаси