Жапаров яна Жээнбеков ва Отунбаева билан бир сафда хотира маросимида қатнашди (фоторепортаж)

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугун, 9 май куни Бишкек шаҳридаги Ғалаба майдонида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан ўтказилган хотирлаш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берган.  

Жапаров абадий оловга гул қўйган ва Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини бир дақиқалик сукут билан ёд этган.

Бир дақиқалик сукутдан сўнг Ғалаба майдонида ўқ отилган ва Қирғизистон Республикаси мадҳияси янграган. 

Хотирлаш маросимида Вазирлар Маҳкамаси Раиси Улуғбек Марипов, Олий суд Раиси Нургул Бакирова, собиқ Президентлар Роза Отунбаева ва Сооронбай Жээнбеков иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойининг бошларида Қирғизистон пойтахти Бишкекда “Апрель инқилоби” қурбонлари хотирасини ёд этиш маросимида ҳам мамлакатнинг амалдаги раҳбари Садир Жапаров ва собиқ Президентлар Роза Отунбаева ва Сооронбай Жээнбеков биргаликда кўриниш берганди.  

2017 йилдан 2020 йилнинг 15 октябрига қадар Қирғизистон Президенти бўлган Жээнбеков айни дамда фонд тузиб, унга раҳбарлик қилмоқда. У Президент лавозимини ўз хоҳиши билан тарк этгандан сўнг, мамлакат жамоатчилигида Сооронбай Жээнбеков ва Роза Отунбаевани собиқ Президент унвонидан маҳрум қилиш талаб этилди. Жорий йил 1 февралдан мамлакат бўйлаб фуқароларнинг имзосини йиғиш бошланди. 

Апрель ойининг ўрталарида Отунбаева Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев қора қутини (2010 йилнинг апрель-июнь ойларида Қирғизистонда юз берган воқеалар назарда тутилган – таҳр.) очмаслиги кераклиги ҳақида гапирди. 

Шундан сўнг, Президент Садир Жапаров Роза Отунбаеванинг укаси – Қирғизистоннинг АҚШ ҳамда Канададаги фавқулодда ва мухтор элчиси Болот Отунбаевни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жапаров Ғалаба

Баҳолаганлар

301

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг