Собиқ Президент Жээнбеков нима билан банд? У катта сиёсатга қайтадими?

Олам

image

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Сооронбай Жээнбеков томонидан жамоат фонди ташкил этилди. Бу ҳақда собиқ давлат раҳбарининг Facebook'даги расмий саҳифасида хабар берилган. 

Таъкидланишича, фонд жамиятнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатни ривожлантиришга қаратилган ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 

Фонд фаолияти мамлакат учун ижтимоий, маданий, хайрия ва бошқа фойдали ишларни амалга оширишга йўналтирилади. 

Қайд этилишича, собиқ Президентнинг жамоат фонди 2020 йил декабрь ойининг бошларида Қирғизистон адлия органларида рўйхатдан ўтказилган.

Аввалроқ, Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Жээнбековга нисбатан қилган энг катта хатолари ҳақида маълумот бергандик. 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилганди. Аммо одамлар унинг натижасидан норози бўлиб, намойиш уюштирди. Натижада мамлакатда тартибсизлик ва талончилик авж олди.

Намойишлар оқибатида мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов ва Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди.

Талотўплар вақтида қамоқдан чиқарилган Садир Жапаров Бош вазир этиб тайинланди ва кейинроқ Президент ваколатларини бажариш ҳам вақтинча унга ўтди. Бироқ у президентлик сайловларида қатнашиш учун барча лавозимларни тарк этди.

Қирғизистондаги муддатидан олдинги президентлик сайловлари 2021 йил 10 январга белгиланган.

Жээнбеков сиёсатдан келишув ва муроса билан кетди. У ўзида собиқ Президент мақомини сақлаб қолди. Ва Қирғизистон тарихида бу мақомни ўзида сақлаб қолган биринчи Президент бўлди. 

Мамлакат Бош вазири – Президент вазифасини вақтинча бажарувчи Садир Жапаров Сооронбай Жээнбековнинг мақоми тўғрисидаги фармонни имзолади. 

"Қирғизистон Республикаси Президенти фаолиятининг кафолатлари ва Қирғизистон Республикасининг собиқ Президенти мақоми тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, Қирғизистон Республикасининг собиқ Президенти Сооронбай Жээнбеков қонунда назарда тутилган барча ҳуқуқларни ўзида сақлаб қолади.

Фармон имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Хусусан, Жээнбеков умрбод давлат муҳофазасига, 1-сонли "Ала-Арча" давлат қароргоҳи ҳудудида яшаш ҳуқуқига, хизмат автомашинасига ва махсус клиникада бепул тиббий ёрдам олишга эга бўлади. Собиқ президентнинг мақомига кўра, уни судга жалб қилиш мумкин эмас. Буни фақат парламент қарори билан бекор қилиш мумкин. 

Маълумот ўрнида, бугунгача Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимида фаолият юритган барча собиқ раҳбарлар – Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Алмазбек Атамбоев собиқ Президент мақоми ва дахлсизликдан маҳрум қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сооранбай Жээнбеков

Баҳолаганлар

669

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг