Отунбаева Жапаров ва Тошиевга июнь воқеаларининг “қора қути”сини очмасликни маслаҳат берди
Интервью
−
15 Апрель 2021
16505Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев қора қутини (2010 йилнинг апрель-июнь ойларида Қирғизистонда юз берган воқеалар назарда тутилган – таҳр.) очмаслиги керак. Бу ҳақда Қирғизистоннинг 2010-2011 йиллларда вақтинча бошқарган собиқ Президент Роза Отунбаева маҳаллий ОАВга берган интервьюсида айтиб ўтди.
Отунбаевага кўра, 2010 йил 7 апрель куни Қирғизистонда юз берган инқилоб мамлакатнинг ўша вақтдаги Президенти Курманбек Бакиев олиб борган адолатсиз сиёсатнинг меваси эди.
“Ҳозир ҳукуматда турганлар истаса, [2010 йилги воқеалар бўйича] терговни қайта бошласин. Аммо вақтинчалик ҳукумат аъзоларининг айтилмаган сўзлари ҳам кўп. Агар улар юзага чиқадиган бўлса, нима бўлишини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди”, дейди Қирғизистонни вақтинча бошқарган Отунбаева.
Унинг хавотирланишига мамлакатнинг амалдаги Президенти Садир Жапаровнинг жорий йил 2 апрель куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига 2010 йилда содир бўлган июнь воқеаларини қайта текширишни топширгани сабаб бўлди. Ўша даврда Қирғизистонни айнан муваққат Президент сифатида Роза Отунбаева бошқараётганди.
Маълумот ўрнида, Қирғизистонда 2010 йилнинг апрель ойида юз берган инқилоб оқибатида мамлакатнинг иккинчи Президенти Курманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилди. Шундан сўнг, Бакиев Беларусдан сиёсий бошпана сўраб, Қирғизистонни тарк этди.
Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумат Президентсиз қолган Қирғизистонда ҳокимиятни ўз қўлига олди. Бу эса мамлакатдаги сиёсий вазиятни ўнгламади ва аксинча, миллатлараро тўқнашув вужудга келди.
2010 йилнинг июнига келиб, Қирғизистоннинг Ўш, Баткен ва Жалол-Обод вилоятларида маҳаллий ўзбек ва қирғизлар ўртасида кенг қамровли можаро содир бўлди. Бунинг оқибатида минглаб инсонлар ҳалок бўлди, 10 минглаб одамлар қочоққа айланди. Расмий маълумотларга кўра, ўша вақтда Ўзбекистон 110 мингдан ошиқ одамни қабул қилиб, улар учун вақтинча лагерлар ташкил этган, озиқ-овқат ва бошпана билан таъминлаган. Қочоқларнинг асосий қисми кексалар, аёллар ва болалар бўлган. Қирғизистонда шундай даҳшатли воқеалар содир бўлган даврда Роза Отунбаева мамлакат Президенти эди.
Отунбаеванинг маҳаллий ОАВга берган интервьюсига қайтадиган бўлсак, у ҳозир мамлакатни бошқараётган Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиевга ўз маслаҳатини берган.
“Мен Садир Жапаров ва Қамчибек Тошиевга қора қутини очмасликни маслаҳат бераман. Нима учун улар тинчлана олмаётганини тушунмаяпман. Кимнинг кимда қасди бор, ким кимдан қасос олмоқчи? Ҳокимият тепасида турганлар ўзининг келажаги ҳақида ўйлаши керак. Ҳокимиятга келиш эмас, тинч йўл билан кетиш қийин”, дейди Отунбаева.
Бундан ташқари, у Садир Жапаров билан яқинда бўлиб ўтган учрашуви ҳақида ҳам сўз очган.
“Яқинда Жапаров билан бўлган учрашувда мен унга жамиятни бирлаштириш зарурлигини айтдим. Инқилоблар 2005, 2010 ва 2020 йилларда бўлди. Бизда намойишлар кўп бўлади. Ҳукумат жамиятни бирлашишга чақириши керак. Ҳокимиятга келдик, энди фақат биз ҳукмрон бўламиз, дейиш аксинча, хато бўлади”, дейди Отунбаева.
Собиқ Президентга кўра, Бакиев ўз даврида кланлар режимини ўрнатган. Кейин халқнинг бундан ғазаби чиққан. На Атамбоев ва на Жээнбеков бундан сабоқ олган.
“Биз хатолардан сабоқ олишимиз керак. Барча Президентлар сўз эркинлигига тажовуз қилмасликка ҳаракат қилмоқда, аммо 2021 йилдан мамлакатимиз демократик давлатлар қаторини тарк этмоқда”, дейди у.
Отунбаева, шунингдек, собиқ давлат раҳбари Жээнбеков ҳақида ҳам фикр билдирган.
“Жээнбеков ҳалигача унга ёрдам бермаганимизни ва уни кўп танқид қилганимизни айтади. Менимча, уни коррупция еб қўйди”, дейди Отунбаева.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.
Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди.
Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.
LiveБарчаси