Собиқ Президентнинг укаси АҚШдаги элчи лавозимидан бўшатилди
Олам
−
18 Апрель 2021
16036Аввалроқ, Қирғизистонни 2010-2011 йиллларда вақтинча бошқарган собиқ Президент Роза Отунбаева Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиевга қора қутини (2010 йилнинг апрель-июнь ойларида Қирғизистонда юз берган воқеалар назарда тутилган – таҳр.) очмаслик ҳақида маслаҳат берганди. Орадан бир неча кун ўтиб, Президент Садир Жапаров Роза Отунбаеванинг укаси – Қирғизистоннинг АҚШ ҳамда Канададаги фавқулодда ва мухтор элчиси Болот Отунбаевни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Болот Отунбаев – Қирғизистонни 2010-2011 йиллларда вақтинча бошқарган собиқ Президент Роза Отунбаеванинг укаси. У ушбу лавозимни 2019 йил бошидан бери эгаллаб келган. Отунбаев Ташқи ишлар вазирлигидаги фаолиятини 1998 йилда, Россиядаги элчининг биринчи котиби лавозимида бошлаган.
Садир Жапаров бошқа бир фармон билан Бахтбек Аманбоевни ушбу лавозимга тайинлади.
Қайд этилганидек, аввалроқ Отунбаева Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиевга 2010 йилнинг апрель-июнь ойларида Қирғизистонда юз берган воқеаларни “ковламаслик” бўйича маслаҳатлар берганди.
Отунбаевага кўра, 2010 йил 7 апрель куни Қирғизистонда юз берган инқилоб мамлакатнинг ўша вақтдаги Президенти Курманбек Бакиев олиб борган адолатсиз сиёсатнинг меваси эди.
“Ҳозир ҳукуматда турганлар истаса, [2010 йилги воқеалар бўйича] терговни қайта бошласин. Аммо вақтинчалик ҳукумат аъзоларининг айтилмаган сўзлари ҳам кўп. Агар улар юзага чиқадиган бўлса, нима бўлишини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди”, деганди Қирғизистонни вақтинча бошқарган Отунбаева.
Унинг хавотирланишига мамлакатнинг амалдаги Президенти Садир Жапаровнинг жорий йил 2 апрель куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига 2010 йилда содир бўлган июнь воқеаларини қайта текширишни топширгани сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Собиқ Президент Роза Отунбаевага 2010 Қирғизистон воқеалари бўйича жиноят иши очилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг кўрсатмасига биноан, жорий йилнинг 15 апрелида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 304-моддаси 4-қисми (суистеъмол қилиш) бўйича жиноий иш терговини давом эттирган. Қирғизистоннинг Бакиевдан кейинги муваққат ҳукумати мансабдорларига қарши жиноий иш 2010 йил май-июнь ойларида Республиканинг жанубида аянчли оқибатларга олиб келган воқеанинг сабабчиларидан бири бўлган Қодиржон Ботировнинг мамлакат ташқарисида тўсиқсиз ноқонуний ҳаракат қилишини осонлаштиргани учун қўзғатилган.
Маълумот учун, Бакиевдан кейин Қирғизистонни муваққат Президент сифатида Роза Отунбаева бошқараётганди.
2016 йилда Қирғизистонда сиртдан судланган тадбиркор Қодиржон Ботиров интервьюда Қирғизистонни экс-президент Роза Отунбаева тавсияси билан тарк этганини айтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь