Собиқ Президентга ўзбеклар билан боғлиқ воқеа бўйича жиноий иш очилиши мумкин

Олам

image

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг кўрсатмасига биноан, жорий йилнинг 15 апрелида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 304-моддаси 4-қисми (суистеъмол қилиш) бўйича жиноий иш терговини давом эттирди. Қирғизистоннинг Бакиевдан кейинги муваққат ҳукумати мансабдорларига қарши жиноий иш 2010 йил май-июнь ойларида Республиканинг жанубида аянчли оқибатларга олиб келган воқеанинг сабабчиларидан бири бўлган Қодиржон Ботировнинг мамлакат ташқарисида тўсиқсиз ноқонуний ҳаракат қилишини осонлаштиргани учун қўзғатилган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар бермоқда.

“Судгача бўлган жараёнлар давомида 2010 йил май-июнь ойларида Ўш ва Жалолобод вилоятларида тартибсизликлар бошланишига йўл очиб берган сабаблар текширилади, шунингдек, фожиали ҳодисаларни олдини олиш учун тегишли чораларни кўрмаган муваққат ҳукумат аъзолари, куч тузилмалари раҳбарлари ва минтақавий даражадаги мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига суднинг қарори билан ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларида.

Маълумот учун, Бакиевдан кейин Қирғизистонни муваққат Президент сифатида Роза Отунбаева бошқараётганди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ушбу жиноят иши терговининг бориши ва натижалари ҳамда у бўйича қабул қилинган процессуал қарорлар тўғрисида тезкор равишда жамоатчилик хабардор қилинишини қайд этган.

2016 йилда Қирғизистонда сиртдан судланган тадбиркор Қодиржон Ботиров интервьюда Қирғизистонни экс-президент Роза Отунбаева тавсияси билан тарк этганини айтган эди.

“20 май куни эрталаб мен Жалолободдан жўнаб кетдим. Очиқ айтаман, ҳеч ким менга таҳдид қилмади. Роза Отунбаеванинг илтимосини менга Исмоил Исоқов  [Муваққат ҳукумат Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи], Бакит Алимбеков [Муваққат ҳукумат Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи] ва Алишер Собиров [2007 йилгача, Ак-Жол партияси сиёсий кенгаши аъзоси, 2010 йил июнь воқеаларидан кейин Қирғизистондан қочиб кетган] етказди”, деганди у.

Ботиров айтганидек, Муваққат ҳукумат аъзоларининг илтимосига биноан, у Тожикистон билан чегарадаги Қайроққум сув омборида бўлган. У ердалиги пайти Ботиров доимий равишда ўша даврдаги Муваққат ҳукумат аппарати раҳбари Эмилбек Каптагаев билан алоқада бўлган.

“Мен мамлакатдан кетишимдан олдин Бишкекка икки марта келганман. Роза Отунбаева билан икки-уч марта ва Алмазбек Атамбоев билан икки-уч марта суҳбатлашдим”, дейди Ботиров.

Тадбиркорга кўра, у мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин ўзига қарши жиноий иш қўзғатилган.

“Улар ҳужумни мен университетда [Жалол-Ободдаги Халқлар Дўстлиги Университети] уюштирганимни даъво қилишди. Аслида ҳужумни уюштирганлар “қаҳрамонлар” бўлиб чиқди. Кейин билсам, Муваққат ҳукумат аъзолари – [Исмоил] Исоқов ва [Азимбек] Бекназаров – Бакиевлар билан суҳбатлашишган ва бу можарони олдиндан режалаштиришган”, дейди Ботиров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонни 2010-2011 йиллларда вақтинча бошқарган собиқ Президент Роза Отунбаева Президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиевга қора қутини (2010 йилнинг апрель-июнь ойларида Қирғизистонда юз берган воқеалар назарда тутилган – таҳр.) очмаслик ҳақида маслаҳат берганди.

Отунбаевага кўра, 2010 йил 7 апрель куни Қирғизистонда юз берган инқилоб мамлакатнинг ўша вақтдаги Президенти Курманбек Бакиев олиб борган адолатсиз сиёсатнинг меваси эди.

2010 йилдаги Қирғизистон воқеалари ва ўзбеклар

Кўплаб манбаларда 2010 йил май-июнь ойларида Қирғизистоннинг жанубида юз берган аянчли воқеалардан, асосан, ўзбек миллатига мансуб аҳоли жабр кўргани айтилади. Негаки, Ўш ва Жалолобод вилоятлари аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади. Тартибсизликлар пайти воқеа жойида бўлган кўплаб қирғизистонликлар ушбу икки ҳудуддаги йирик босқинни бевосита миллатчилик билан боғлашади.

2010 йилги воқеаларда Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларнинг уйлари вайрон қилинган, одамлар тириклайин ёқилган. Ҳаттоки, бешикдаги болаларга ҳам раҳм қилинмаган. Бу воқеаларга Қирғизистон армияси ва бошқа кучишлатар тузилмалари ҳам қаршилик қила олмаган. Оқибатда ҳудуддаги минглаб ўзбеклар Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарасига нажот излаб келган. Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги Ҳукумати улар учун Андижон вилоятида вақтинчалик махсус лагерлар ташкил қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2057

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг