Жапаров “Коля Қирғиз”нинг ўлдирилишини текширишга буйруқ берди
Олам
−
17 Октябрь 2023
19659Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қонун ўғриси Қамчи Кўлбоевнинг йўқ қилиниши ва мамлакатдаги уюшган жиноий гуруҳлар фаолияти ҳақида фикр билдирар экан, ривожланган мамлакатларда "жиноят дунёси" тушунчаси мавжуд эмаслиги, шунинг учун ҳам улар ривожланаётганини айтди. Бу ҳақда у “Кабар” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Жиноят муҳити нафақат мамлакатлар, балки фуқаролар ва инвесторлар фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Қароқчилик (жиноят) вақтини унутиш керак. Ҳозир XXI аср. Ҳамма нарса қонун доирасида бўлиши керак. Агар кимдир талончилик қурбонига айланган бўлса, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиши шарт. Ривожланган давлатни имкон қадар тезроқ қуришимиз керак. Биз қўшни давлатлардан аллақачон бир неча йил орқада қолдик”, деган Садир Жапаров.
Шунингдек, у мамлакат Ҳарбий прокуратурасига "қонундаги ўғри" Қамчи Кўлбоевнинг йўқ қилиниши юзасидан тергов ўтказиш бўйича топшириқ берганини айтган.
Садир Жапаров содир бўлган воқеани интернетдан билганини ва дарҳол Бош прокурор Қурмонқул Зулушевга қўнғироқ қилганини таъкидлаган.
“Мен унга ҳарбий прокурорни ўзи билан олиб боришини, ўша жойга бориб, содир бўлган воқеа ҳақида маълумот беришини айтдим. У бориб, менга қўнғироқ қилиб, воқеа жойида отишма бўлганини, ўлганлар ва жароҳатланганлар борлигини айтди”, дейди Президент.
Унинг сўзларига кўра, Ҳарбий прокуратура Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг махсус операцияси қонуний равишда ўтказилган ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида тергов олиб бормоқда.
“Тергов давом этяпти. Натижани кутамиз”, дея қўшимча қилган Садир Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (“Коля Қирғиз”) Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди. Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари, халқаро сиёсатшунос Никита Мендкович эса Қамчибек Ташиев Қирғизистоннинг навбатдаги президенти бўлиши мумкинлигини прогноз қилди.
LiveБарчаси