Жалолиддин Машарипов “Пахтакор”га қайтиши мумкин
Спорт
−
28 Август 2023
7207Футбол бўйича Ўзбекистон милий терма жамоаси аъзоси Жалолиддин Машарипов Тошкентнинг “Пахтакор” клуби машғулотларида қатнашмоқда. Бу ҳақда “шерлар” клуби матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, эркин агентга айланган футболчи Жалолиддин Машарипов спорт формасини ушлаб туриш мақсадида жамоа мураббийи Максим Шацких билан келишган ҳолда умумий гуруҳ машғулотларида иштирок этяпти.
Айтиш жоиз, Машарипов сетябрь ойида МТЖ билан FIFA кунларида қатнашиш учун АҚШга сафар қилади. Бунга қадар эса унинг “Пахтакор” жамоаси аъзолари билан бирга машғулот ўтказаётгани кўпчиликда ҳужумчи “Пахтакор”га қайтиши мумкин, деган фикр уйғотмоқда.
Маълумот учун, Жалолиддин Машариповнинг “Transfermarkt” порталидаги нархи 2 миллион еврони ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 август куни Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клуби ўзбекистонлик 29 ёшли футболчи Жалолиддин Машарипов билан шартномани бекор қилган эди. У ўтган мавсумда Саудия Арабистони чемпионатида Риёд клуби сафида 14 та ўйин ўтказиб, 2 та голли узатмани амалга оширган.