“Жаҳаннам”га айланган дунё ёхуд йилни зир титратган офатлар

Бу қизиқ

image

Сўнгги йилларда сайёрамиздаги иқлим кескин ўзгариб кетди. Бир томонда даҳшатли тошқинлар, ювилиб кетган уйлар, иккинчи томонда шафқатсиз иссиқ, тинимсиз ёнаётган ўрмон, яна бошқа томонда эса – қиш.

Якунига етган 2021 йилда дунёда кўплаб фалокатлар, тўфонлар, сув тошқинлари юз берди. Бунинг оқибатида, минглаб инсонлар қурбон бўлди. Юзлаб одамлар бедарак йўқолди. Ушбу мақоламизда, 12 ой давомида жаҳонда юз берган табиий офатлар ҳақида сўз юритамиз.

Кўчки ва зилзилалар

2021 йилнинг январь. Индонезиянинг Сулавеси оролида 6,2 балли зилзила содир бўлди. Маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 46 нафар инсон ҳалок бўлган, 826 киши эса яраланган. Офат юз берган ҳудуддан 15 минг киши эвакуация қилинган.

Зилзила оқибатида 415 та бинога зарар етган. Булар орасида шифохона, губернатор маъмурияти ва бошқа давлат муассасалари бор.

2021 йил 7 февраль. Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатида муз кўчиши оқибатида етти киши ҳалок бўлди ва 170 киши бедарак йўқолган. Ҳиндистон ИИВ маълумотига кўра, муз кўчиши Ришиганга дарёсида сув сатҳининг кўтарилишига олиб келган. Натижада 13,2 МВт қувватли Ришиганга гидроэлектрстансияси ювилиб кетган. Тўсатдан бошланган тошқин бошқа бир гидроэлектрстанция лойиҳасига зарар етказган. Уттаракханд ҳокимияти тошқин сабаб гидроэлектростанциядан қуйида дарё бўйича жойлашган қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилган.

2021 йил 5 апрель. Индонезиянинг шарқий қисмида ва унга қўшни бўлган Шарқий Тиморда ёғган кучли ёмғирлар бир қатор кўчкилар ва тошқинларни келтириб чиқарди. Индонезия Табиий офатларга қарши ёрдам агентлигининг маълумотларига кўра, табиий офат натижасида 41 киши ҳалок бўлган, 27 киши бедарак йўқолган.

Шарқий Нуса-Тенгара вилоятидаги Адонара оролида жойлашган Ламенеле қишлоғида ўнлаб уйлар кўчкилар остида қолган.

Сув тошқинлари

2021 йил 2 июль. Туркиянинг Архави туманидан ўтган Архави дарёси кучли ёмғир оқибатида тошиб, даҳшатли тошқинни келтириб чиқарди. Оқибатда туман маркази, қишлоқ йўллари сув остида қолди. Тошқин натижасида икки киши жабрланган. Уйлар ва кўприклар қаттиқ зарар кўрди.

2021 йил 13-15 июль. Германияда юз берган “Бернд” циклони оқибатида 164 нафар одам вафот этди, 749 киши жароҳат олди. Йўллар ювилиб ботқоққа айланди. Ушбу тошқиндан Германиядан ташқари, Бельгия ва Нидерландия ҳам зарар кўрган. Маълумотларга кўра, кучли ёмғир Австрия, Швейцария, Франция ва Буюк Британияни ҳам қамраб олди. 

У Ғарбий Европада сўнгги 20 йил ичида юз берган энг катта тошқин сифатида тарихда қолди.

2021 йил 2-7 октабрь. Хитойнинг Шаньси провинциясида кучли ёмғир ёғиш натижасида сув тошқини келиб чиқди. Бу табиий офат оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, уч киши бедарак йўқолди. 1,75 миллиондан ортиқ маҳаллий аҳоли сув тошқинидан зарар кўрди,

Метеорологик таъкидлашича, бу тошқинлар Шаньси провинцияси тарихидаги энг кучли сув тошқини экан. Кўп туманларда кучли ёмғир бир неча кун тўхтамаган.

2021 йил октябрь. Ҳиндистон шимолидаги Уттараханд штатида кучли ёғингарчилик туфайли сув тошқинлари ва кўчкилар содир бўлди. Маълумотларга кўра, бунинг натижасида 46 киши ҳалок бўлган. 

2021 йил 5 ноябрь. Индонезиянинг Ява штатида кучли ёмғир сув тошқинларини келтириб чиқарди. Тошқин оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, 3 киши эса бедарак йўқолган.

2021 йил 18-20 декабрь. Малайзияда сўнгги ўн йилликдаги энг шиддатли ёғингарчилик бўлди. Бунинг натижасида мамлакатнинг саккиз вилоятида кучли сув тошқини келиб чиқди, баъзи шаҳар ва қишлоқлар қисман сув остида қолди.

Ушбу тошқин натижасида 27 инсон ҳалок бўлган, 70 мингга яқин одам ўз уйларидан эвакуация қилинган.

Бильярд шаридек катталикда ёғган дўл

2021 йил 27 июль. Италиянинг марказий қисмида жойлашган Эмилия-Романья вилоятида бильярд шаридек катталикда дўл ёғди. Парма ҳудудидаги асосий А1 магистраль йўлида транспорт воситалари ҳаракати тўхтаб қолди, юзлаб автомобиллар ва уйларга зарар етди.

“Ил Фатто Қуотидиано” нашрига кўра, 26 июль куни тушдан сўнг содир бўлган дўл ҳайдовчилар ва маҳаллий аҳолини ҳайратда қолдирган. Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб видеолавҳаларга кўра, бильярд шари катталигида ёққан дўл автомобиль ойналарини синдириб, транспортлар корпусида ўймалар ҳосил қилган.

Олов ичида қолган дунё

2021 йил 28 июль. Туркиянинг жанубидаги ўрмонларда ёнғин бошланди. 29 июлга келиб, ёнғин шаҳар шимолидаги Қораоз қишлоғига етиб борди. Минглаб инсонлар эвакуация қилинди. Ёнғин тезда мамлакатнинг 7 та вилоятини қамраб олди. Ёнаётган ҳудудлар, ҳатто, космосдан кўринди.

30 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркиядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш ва уларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида мамлакатга ёрдам гуруҳларни жўнатди. 

31 июль куни Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатнинг Адана, Анталия, Муғла, Мерсин ва Усмонийя вилоятларини табиий офат ҳудуди деб эълон қилди. Мутахассисларнинг фикрича, ўрмон ёнғинларининг асосий сабабларидан бири бу минтақадаги юқори ҳарорат ва кучли шамол бўлиб, бу ёнғин тарқалишига хизмат қилган.

Маълумотларга кўра, ушбу табиий фожиада жами 10 киши ҳалок бўлган ва 864 нафардан ортиқ инсон жароҳат олган.

2021 йил 25 июль. АҚШ ғарбида рекорд даражада юқори ҳарорат ва қурғоқчилик сабабли ўрмон ёнғинлари келиб чиқди. Орегон, Вашингтон, Вайоминг, Айдахо ва Монтанада штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

2021 йил 2 август. Грецияда ҳаво ҳарорати рекорд – 45 даражага кўтарилди. Бунинг оқибатида мамлакатда катта ёнғинлар содир бўлди. Ёнғин 3 минг гектардан зиёд қарағай ўрмонлари ва зайтун боғларини қамраб олди. Ҳукумат денгиз соҳилидаги бешта аҳоли пунктидан аҳолини эвакуация қилди. Маълумотларга кўра, ёнғиндан камида саккиз киши куйиш ва нафас олиш муаммолари билан жароҳат олган.

Вулқон отилишлари

2021 йил 8 август. Индонезиянинг Ява оролида жойлашган Мерапи вулқони отила бошлади. Ўша куни вулқон кратеридан улкан кул тутуни тепага кўтарилиб, бир неча аҳоли пунктларига ёғилган ва тахминан етти марта лава отилиши кузатилган.

2021 йил октябрь. Испаниянинг Пальма оролидаги Кумбре-Вьеха вулқони отилди. Вулқон отилиши камида бир ой давом этди. Маълумотларга кўра, лава оқимлари тахминан 740 гектар майдонни ёқиб юборган. 

Мутахассисларнинг фикрича, лава 400 дан ортиқ биноларни вайрон қилган, уларнинг аксарияти турар-жой бинолари. Табиий офат зонасидан 6 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. 

2021 йил 4 декабрь. Индонезиянинг Ява оролида Семеру вулқони отилиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Бутун бошлиқ қишлоқлар кул ва вулқон чанглари қатлами остида қолди. Унинг концентрацияси шу қадар юқори бўлдики, баъзи ҳудудларда чанг қуёш нурларини бутунлай тўсиб қўйди.

Бу фожиадан беш кун ўтиб, Европадаги энг катта вулқон отилиши рўй берди. 9 август куни Италиянинг Сицилия оролидаги Этна вулқони отила бошлади. Вулқон ҳодисаси тунги соат 01:40 да бошланган ва тахминан соат 05:00 да тўхтаган. 

Миллий геофизика ва вулқоншунослик институтига тегишли Этнео расадхонасининг маълумот беришича, Европадаги энг катта вулқондан отилган лава оқими жуда юқори бўлган. Лава Этна вулқонининг жанубий-шарқий кратеридан ёйила бошлаган, шунингдек тонгги соат 03:00 дан эса, жануби-ғарбий йўналишга ҳам кенг тарқалган. Вулқон отилган вақтда ҳудудда 4,5 магнитудали зилзила қайд этилган. Маълумотларга кўра, отилган вулқон денгиз сатҳидан 3357 метр баландликка етган ва рекорд ўрнатган.

Ўзбекистонга ёпирилган қум бўрони

2021 йил 4 ноябрь. Ўзбекистонда ҳеч қачон кузатилмаган қум бўрони содир бўлди. Сирдарё вилоятининг маъмурий маркази Гулистон шаҳрида ва вилоятнинг бошқа туманларида қум бўрони кўтарилди. Орадан бироз вақт ўтгач қум бўрони мамлакат пойтахти Тошкентга ҳам етиб келди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.

Ўзбекистон гидрометеорология хизмати марказининг маълум қилишича, ушбу табиий ҳодисага Россия томондан кириб келган совуқ ҳаво оқимлари ортидан кўтарилган шамол сабаб бўлган. Шамол кучайиши оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилган ва республиканинг бир қатор туманларида кўринувчанлик 500-1000 метргача пасайиб, чанг-қумли ғубор ҳолатини келтириб чиқарган.

АҚШ устига ёпирилган торнадо

2021 йил 10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси. АҚШ шарқида жойлашган Кентукки штати устига улкан торнадо ёпирилди. Маълумотларга кўра, бу табиий фалокат оқибатида 70 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган. Штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Миллий гвардия йўқолган одамларни қидириш, шунингдек торнадо оқибатларини бартараф этишга жалб қилинди. Кентукки штати губернатори Энди Бэшир ушбу фалокатни штат тарихидаги энг даҳшатли торнадо деб таъкидлади.

Филиппиндаги тўфон

2021 йил 19 декабрь. Эрта тонгда Филиппинга “Риа” деб номланган тўфон ёпирилди. Табиий офат Филиппиннинг марказий ва жануби-шарқий қисмларини қамраб олган. Тўфон оқибатида кўплаб ҳудудларда электр таъминотидан узилди. Миллионлаб инсонлар бошпанасиз қолди. Қидирув ва қутқарув ишларини қўллаб-қувватлаш учун армия сафарбар этилди. Маълумотларга кўра, 121 нафар инсон бу фалокат қурбони бўлган. 13 киши бедарак йўқолган.

Экологларнинг фикрига кўра, агар дунё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратмаса, 2100 йилга келиб сайёрамиздаги ҳарорат аномал даражада кўтарилиб кетиши оқибатида музликлар эриб, сув ўз ҳавзасидан тошиб кетади. Оқибатда ер сайёраси одам яшаши учун хавфли бўлиб қолиши мумкин.

Ўтган 12 ой давомида жаҳонда шундай муҳим воқеа ва ҳодисалар юз берди. Юзлаб инсонлар табиий офат қурбони бўлди. Биргина нафас олишимизнинг ўзи катта неъмат. Шуни унутмайлик.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

99

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг