Зеленскийнинг матбуот котиби Байден билан баҳслашди

Олам 15265
image
-

АҚШ Президенти Жо Байден Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг февраль ойида Украинага бостириб кириши ҳақидаги огоҳлантиришларига эътибор бермаганини айтди. Бу ҳақда у Лос-Анжелесдаги портда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

“Биламан, кўпчилик мени бўрттириб юборди, деб ўйлаган, лекин мен билардим ва бизда Путин чегарани кесиб ўтмоқчи эканлигини тасдиқловчи маълумотлар бор эди. Ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Зеленский ҳам бошқалар каби буни эшитишни истамади”, деган АҚШ Президенти Жо Байден.

Байденнинг ушбу баёнотига Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров муносабат билдирди ва Ғарб расмий Киевнинг сўровларини беэътибор қолдирганини айтди.

“Эшитишни хоҳламади” ибораси  тушунтириш талаб қилади. Бундан ташқари, эсингизда бўлса, Украина Президенти Россияни ўз қўшинларини ортга суриши ва вазиятни юмшатишга ундаш учун ҳамкорларни профилактик санкциялар пакетини киритишга чақирган эди. Ва бу ерда айтишимиз мумкинки, бизнинг шерикларимиз “бизни эшитишни хоҳламадилар”, дейди Никифоров.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Нилуфар Исроилова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 47
Рейтинг: 3.2
t
×